Жаҳон | 22:34 / 21.08.2019
8408
2 дақиқада ўқилади

Луанда Уганда ва Руандани яраштириб қўйди

Руанда ва Уганда икки давлат ўртасидаги кўп йиллик адоватни тўхтатишга қаратилган келишувни имзолади. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар берди. 

Таъкидланишича, келишув остида ўз имзоларини Руанда президенти Поль Кагаме ва унинг угандалик ҳамкасби Йовери Кагута Мусевени қўйган. Келишувни имзолаш маросими Ангола пойтахти Луандада бўлиб ўтган. Унда Ангола президенти Жуан Лоренсу ва Конго Демократик Республикаси раҳбари Феликс Чисекеди ҳам иштирок этган. Ҳужжатнинг бирор-бир тафсилоти келтирилмаган.

Икки давлат ўртасидаги муносабатлардаги 20 йилдан кўпроқ вақтдан бери давом этаётган таранглик жорий йил бошида кучайган. Бунга эса Руанда ҳукумати томонидан Угандага илгари сурилган айбловлар сабаб бўлган. Таъкидланишича, Уганда гўёки “Руанда миллий конгресси” мухолиф партиясига ёрдам кўрсатган ва 1994 йилги қатлиомга алоқадор бўлган исёнчиларни қурол билан таъминлаган.

Бундан ташқари, Кигалида руандаликларнинг Угандада таъқиб қилиниши айтилган. Уганда эса бунга жавобан шунчаки хавфсизликни таъминлаш бўйича амалиёт ўтказаётганини айтган.

Оқибатда Руанда хавфсизлик нуқтаи назаридан ўз фуқароларининг Угандага ташриф буюришларига чеклов киритган. Бундан ташқари, февралда икки давлат ўртасидаги энг гавжум назорат-ўтказиш пункти ёпилган. Шунингдек, Угандадан келаётган маҳсулотлар ортилган юк машиналарига Руандага кириш тақиқланган. Уганда бундай ҳаракатлар сабабли қўшни давлатни савдо эмбаргоси жорий қилишда айблаган.

Мавзуга оид