Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Европа Иттифоқи Ўзбекистонда мигрантлар учун марказ ташкил этиши мумкин - ОАВ
Европа Иттифоқи мамлакатлари гуруҳи Руанда ва Ўзбекистонда бошпана бериш рад этилган мигрантларни жойлаштириш марказини ташкил этиш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Politico нашрининг уч нафар европалик дипломатга таяниб хабар беришича, ушбу режа Европа Иттифоқига аъзо бўлмаган мамлакатларда қолиш ҳуқуқи рад этилган мигрантларнинг ишини кўриб чиқиш учун «қайтиш маркази» ташкил этиш ваколатини берувчи қонун қабул қилингандан сўнг пайдо бўлди.
Жорий ойда Европа Иттифоқига аъзо 27 давлатнинг ярмидан кўпи бундай марказларни ташкил этиш бўйича тезкор чоралар кўришга чақирди.
Дания, Австрия, Греция, Германия ва Нидерландия рад этилган бошпана изловчиларнинг аризаларини Европа Иттифоқидан ташқарида кўриб чиқиш ташаббусини илгари сурди.
«Мақсадимиз - 2026 йилда ушбу тузилмаларни ташкил этиш бўйича биринчи келишувларни тузиш, токи улар 2027 йилдан бошлаб фаолият кўрсата бошласин», деди Греция бош вазири Кириакос Мицотакис қонун қабул қилиниши арафасида.
Бошқа икки европалик дипломатнинг таъкидлашича, ушбу марказларни қабул қиладиган мамлакатлар ҳали аниқланмаган ва сиёсий ва дипломатик жараён энди бошланиши керак.
Бу режалар Европа ҳукуматларининг миграцияни бошқаришни қитъадан ташқарига кўчириш бўйича бир қатор уринишларидан сўнг пайдо бўлди. Британиянинг Руанда бўйича режалари ўтган йили кўп йиллик ҳуқуқий ва сиёсий курашлардан сўнг бекор қилинди, Италиянинг Албаниядаги мигрантлар маркази қарори бир неча бор судга берилди.
Таъкидланишича, гарчи ҳукуматлар Руанда ва Ўзбекистонни кўриб чиқаётган бўлса-да ва бу Европа Иттифоқи даражасида тасдиқланган бўлса-да, аниқ келишувларни тузиш ҳали ҳам алоҳида ҳукуматларнинг ваколати бўлиб қолади.
Европа Иттифоқи ўзининг Global Gateway дастури доирасида Руандага юзлаб миллион евро йўналтирди ва 2023 йилда 900 миллион евро сармоя киритишини эълон қилди. Шунингдек, блок Ўзбекистонга 119 млн евро миқдорида грант маблағлари ажратди
Ёпиқ эшиклар ортида музокаралар олиб борилаётган яна бир давлат Уганда, деди европалик амалдор. Блокка географик жиҳатдан яқин бўлган Миср ва Ливия каби давлатлар одамларни ноқонуний ташиш хавфи борасидаги хавотирлар туфайли чиқариб ташланди, деди расмий.
Франция президенти Эммануэл Макрон аввалроқ Европа Иттифоқининг бошпана бериш рад этилган мигрантлар учун учинчи мамлакатларда «қайтиш маркази» ташкил этиш қарорига қарши чиққан эди.
Ўтган ҳафта Европа парламенти Европа Иттифоқи мамлакатларига бошпана бериш рад этилган мигрантларни учинчи мамлакатлардаги махсус марказга юбориш имконини берувчи янги миграция қоидаларига овоз берди.
Мавзуга оид
21:39 / 22.06.2026
Россияда мигрантларнинг пул ўтказмаларидан комиссия ундириш таклиф этилди
17:32 / 19.06.2026
Туркияда ўлдирилган ўзбек аёллари: фожиа қаерда бошланяпти?
10:40 / 18.06.2026
ЕИ ва Кремл ўртасида норасмий алоқалар бўлгани хабар қилинди
09:45 / 18.06.2026