Жаҳон | 07:28 / 21.08.2019
17710
2 дақиқада ўқилади

Россия ва Хитой АҚШнинг ракета режалари туфайли БМТ йиғилишини чақиртирди

Фото: AP Photo / Jason DeCrow

Россия ва Хитой АҚШнинг ўрта масофадаги ракеталарни ишлаб чиқиш ва жойлаштириш режалари туфайли БМТ Хавфсизлик йиғилишини чақиртирди. Учрашув 22 августда бўлиб ўтади. Бу ҳақда Россиянинг БМТдаги доимий вакили Дмитрий Полянский маълум қилди. 

Пентагон 19 августда 1987 йилда тузилган Ўрта ва кичик масофадаги ракеталарни йўқ қилиш битими билан тақиқланган қанотли ракетани синовдан ўтказганини эълон қилган. Битим 2 августдан амал қилмай қўйган, у 500 кмдан 5500 кмгача масофага учувчи ракеталарни тақиқлаган. 

АҚШнинг қуруқликдаги қўшинлари вазири вазифасини бажарувчи Райан Маккарти АҚШ битимда тақиқлаган масофадаги баллистик жанговар каллакли гипертовушли ракета ишлаб чиқаётганини маълум қилган. Россия ташқи ишлар вазирлигида синов вақтида АҚШнинг Руминиядаги ҳарбий базасида турган Mk-41 қурилмаси қўлланганига эътибор қаратилган. Москвада ушбу ҳолат “бу қурилмалар нафақат ушлаш ракеталарини, балки қанотли ракеталарни ҳам учиришга мўлжалланганининг яққол тасдиғи” деб баҳоланган. Пентагонда синовлар вақтида ҳақиқатан ҳам Mk-41 қурилмалари қўллангани, бироқ улар Руминиядагидан бошқача конфигурацияда экани айтилган. 

Йил бошида Вашингтон Россияни Ўрта ва кичик масофадаги ракеталарни йўқ қилиш битимини бузишда айблаб, ундан бир томонлама чиқишини эълон қилган. Бироқ Россия бир неча маротаба битим шартларини тўлиқ бажариб келаётганини таъкидлаган. Июль бошида эса Россия президенти Владимир Путин битимнинг тўхтатилиши ҳақидаги қонунни имзолаган. 

Мавзуга оид