Тадбиркорликни ривожлантириш – Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётини юксалтиришнинг муҳим шартларидан бири эканига шубҳа йўқ. Бугун ишбилармонлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда, уларга жуда кўп имкониятлар, имтиёзлар берилмоқда, уларнинг олдидаги тўсиқлар олиб ташланмоқда. Аммо гап тадбиркорликни ривожлантириш билан бир қаторда, инсон саломатлиги ва атроф-муҳит муҳофазаси масаласига бориб тақалса нима бўлади? Албатта бунда давлатимиз қонунлари, идора ва ташкилотлар томонидан ишлаб чиқилган меъёрлар ва қоидаларга амал қилинади. Таҳририятимизга келиб тушган мурожаат айнан шу мавзуга дахлдор.

Хоразм вилояти, Янгибозор тумани, Бошқирших қишлоғининг Янги-ёп маҳалласида истиқомат қилувчи аҳоли ғишт ишлаб чиқариш цехлари фаолиятининг салбий таъсири оқибатида экологик ва санитария-эпидемиологик вазият оғирлашганидан шикоят қилишди.
Айни пайтда маҳалла ҳудудига яқин жойда бир эмас, учта ғишт ишлаб чиқариш цехи фаолият юритмоқда. Аҳоли шикоятига кўра, цехлардан тарқалаётган сассиқ ҳид ва тутун туфайли нафас олиш қийинлашмоқда, турли аллергик касалликлар келиб чиқмоқда. Одамлар бу заводлар кўчириб юборилишини истаяпти.
Янгибозор тумани ҳокимлиги маълумотига кўра, Янги-ёп маҳалласи ҳудудида ғишт ишлаб чиқарувчи учта - «Мирзо Ҳалилло ўғли» (кўмир ёқилғисидан фойдаланади), «Амин Бўрон Мирзо» (газ) ва «Бўзқалъа муҳандиси» (кўмир) цехлари фаолият юритяпти.

Санитария меъёрлари ва қоидаларига кўра, ғишт цехи аҳоли яшайдиган жойлардан маълум бир узоқликда бўлиши, орадаги санитария ҳимоя масофасига амал қилиниши шарт. Акс ҳолда аҳоли саломатлигига путур етказиши мумкин.
Хоразм вилояти Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази (ДСЭНМ) томонидан Янги-ёп маҳалласида ўтказилган ўрганиш натижасида, ғишт ишлаб чиқариш цехлари билан аҳоли хонадонлари ўртасидаги санитария ҳимоя масофаси сақланилмагани аниқланди. «Ўзбекистон Республикаси аҳолиси яшайдиган жойларда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўйича санитария меъёрлари ва қоидалари»нинг 6-бандига асосан, ғишт ишлаб чиқариш цехларидан аҳоли яшайдиган жойларгача бўлган санитария ҳимоя ҳудуди 300 метр қилиб белгиланган. Бироқ, Янги-ёп маҳалласидаги бу масофа 200 метрни ташкил қилади. Бундан ташқари, маҳалла ҳудудидаги «Янгибозор саноат касб-ҳунар коллежи»дан ғишт цехигача бўлган масофа эса атиги 50 метрга тенг.



















