Ўзбекистон | 20:16 / 22.08.2019
4729
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон маданиятини ўрганиш ва асрашга бағишланган халқаро конгресс иш бошлади

Жорий йилнинг 22 августь куни Тошкентда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва тарғиб этиш бўйича бутунжаҳон жамиятининг III халқаро конгресси иш бошлади.

Икки кун давом этадиган мазкур конгресс 22-27 августь кунлари бўлиб ўтадиган “Ўзбекистон буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: империялар, динлар ва маданиятлар” мавзуидаги маданий мерос ҳафталиги доирасида ўтмоқда.

Содиқ Сафоев, Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари:

Энг қадимги даврлардан бери, Ўзбекистон сайёрамизнинг энг йирик артерия қон томири, транспорт ва коммуникация воситаси ─ Буюк Ипак йўлига ўз бағрини очган. Бу йўл нафақат товар алмашинуви, балки илм алмашинуви ва маданиятлар ривожига ҳам ҳисса қўшган. Илм-фан ва маданият алмашунивида Шарқ ва Ғарб орасидаги кўприк ҳисобланган бу ҳудуд бутун инсониятнинг бойлигидир.

Шу боис Ўзбекистон сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ЮНЕСКО билан доимий ҳамкорлик ҳисобланади. ЮНЕСКО бош директорининг яқин кунларда Ўзбекистонга кутилаётган ташрифи бу ҳамкорликни ҳамда ўзбек маданият меросини асраш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқади.

Ҳозирда бутун дунёда истеъмол ҳажмининг ошиши, тирик табиатнинг ҳалокат ёқасига келиб қолгани, генофонднинг ўзгариши, Ер сайёраси экологик манзарасининг кескин ўзгариши каби салбий ҳолатлар кузатилаётгани сир эмас. Шундай шароитда тараққиёт барқарорлиги ҳамда замон ўртасидаги мувозанатни, инсоният маданий тарихини сақлаб қолиш, баҳамжиҳатликда иш кўриш муҳим. Бугунги конгресс ҳам айни шу мақсадда Ўзбекистон ҳукумати томонидан қўйилган муҳим қадамдир.

Азиз Абдуҳакимов, Бош вазир ўринбосари:

Ўзбекистон ЮНЕСКО билан ҳамкорликда алоҳида давлат дастурига эга бўлган ягона мамлакат ҳисобланади. Бу Ўзбекистоннинг ўз муҳташам маданиятини асрашга эътиборининг ёрқин далилидир. “Ўзбекистон буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: империялар, динлар ва маданиятлар” маданий мерос ҳафталиги ҳамда бугунги конгресс ҳам айни шу мақсадда ўтказилмоқда. Ҳафталик доирасида Ўзбекистон тарихининг ажралмас қисми бўлган Ислом маданияти, Темурийлар даври, Кушон цивилизацияси, Сўғд империяси маданияти билан яқиндан таништирилади. Тарих, маданиятни ўрганишдаги қадамлар бу билан тўхтаб қолмайди. Бу масала ҳар доим ҳукумат даражасида кўриб чиқилади.

Бекзод Йўлдошев, Ўзбекистон Фанлар Академияси Президенти, академик:

Миллион йил аввал ҳам Ўзбекистон ҳудудида инсонлар яшагани илмий нуқтаи назардан исботланган. Бу заминда инсоният тарихидаги энг буюк динлар ─ буддавийлик, зарудуштийлик, Ислом тараққий топган. Бу Ўзбекистон маданиятини ўрганишнинг аҳамиятига ишора қилади. Шу боис нафақат маҳаллий илм аҳли, балки бутун дунё ҳамжамияти бу маданий ва маънавий меросни ўрганиш йўлида бирлашиши лозим.

44та мамлакатдан 250 нафардан зиёд олимни жамлаган конгресснинг биринчи кунида Мовороуннаҳр қўлёзмалари, сўғд маданияти, буддавийлик маданияти, ўзбек ҳунармандчилиги, Темурийлар сулоласи мероси мавзуларига бағишланган маърузалар бўлиб ўтади. Шунингдек, Шарқшунослик институти фондида сақланаётган қимматбаҳо қўлёзмалар конгресс иштирокчиларига таништирилади ҳамда Кушон империясига тааллуқли ноёб экспонатлар кўргазмаси ўтказилади.

Конгресснинг иккинчи кунида эса Ислом маданияти, “Ўзбекистоннинг 114 Қуръони” лойиҳаси, ўрта аср миниатюра санъати мавзуида илмий суҳбатлар ўтказилиши режалаштирилган.

Ҳафталик давомида Тошкент, Термиз, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида ўзбек маданиятини ўрганиш ва асраш, тарғиб этишга бағишланган қатор тадбирлар бўлиб ўтади.

Саодат Абдураҳмонова
Тайёрлаган Саодат Абдураҳмонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид