Ўзбекистон | 15:07 / 01.06.2026
1759
2 дақиқада ўқилади

Президент: Адабиёт ва санъат соҳасини қўллаб-қувватлашнинг янги босқичи бошланади

Ўзбекистонда адабиёт, маданият ва санъат соҳаси вакилларини қўллаб-қувватлашнинг янги босқичи бошланади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевнинг маданият ва санъат соҳаси ходимлари билан учрашувида маълум қилиниб, ижодкорлар учун янги ижтимоий, моддий ва ижодий имкониятлар яратилиши белгиланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари томонидан шоир ва ёзувчилар учун ҳар йили камида 50 та энг сара асарга ижодий буюртма бериш, ўзбек адабиётининг энг яхши 10 та асарини хорижий тилларга таржима қилиш ва уларни чет давлатларда тақдим этиш тизимини йўлга қўйиш таклиф этилди.

Шунингдек, Ёзувчилар уюшмаси тавсияси билан нашр этиладиган китобларнинг қоғоз харажатлари давлат томонидан қопланиши белгиланди. Ёш истеъдодларнинг шеърият ва санъатни уйғунлаштирган лойиҳалари ҳам қўллаб-қувватланиб, энг яхши 100 та ташаббус давлат ҳисобидан молиялаштирилади.

Учрашувда ижодкорларни ижтимоий ҳимоя қилиш чоралари ҳам эълон қилинди. Эндиликда ҳар йили 1 минг нафар шоир, ёзувчи, маданият ва санъат вакилига уй-жой учун ипотека кредити дастлабки тўловининг 50 фоизи қоплаб берилади. Бошқа ҳудуддан келиб ишлаётган соҳа ходимларининг ижара харажатларининг бир қисми давлат томонидан қопланади.

Бундан ташқари, ҳар йили минг нафар фаол соҳа вакили давлат ҳисобидан бепул даволанади, икки минг нафар ижодкорга тиббий суғурта пакети тақдим этилади. Камида 10 йил меҳнат қилган ходимларга санаторийларга бепул йўлланмалар ажратилади.

Президент ўз нутқида миллий руҳ ва маънавий қадриятларни мустаҳкамлашда адабиёт ва санъатнинг ўрни беқиёс эканини таъкидлаб, халқни илҳомлантирадиган, ёшларда Ватанга муҳаббат ва миллатга садоқат туйғуларини кучайтирадиган асарлар яратиш муҳим вазифа бўлиб қолаётганини қайд этди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид