Ўзбекистон | 20:24 / 22.08.2019
56546
3 дақиқада ўқилади

Ўзбeкистон ва Қирғизистон ташқи ишлар вазирлари ўзбекистонлик спортчи билан боғлиқ воқеани муҳокама қилишди

22-август куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг Қирғизистон ташқи ишлар вазири Чингиз Айдарбеков билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. 

ТИВ матбуот хизматининг хабарига кўра, мулоқот чоғида 18 август куни Қирғизистоннинг Ўш вилояти Қорасув шаҳрида “қулатув” жанги бўйича “WEF PROFFIGHT” турнирида содир бўлган воқеа юзасидан интернетда пайдо бўлган видеолавҳалар ва изоҳларга эътибор қаратилди.

“Ишнинг барча жиҳатларини биргаликда ўрганиш ва мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона алоқалар руҳида вазиятни ҳал қилиш бўйича келишувга эришилди”, дейилади хабарда.

Қирғизистон ОАВнинг маълумот беришича, Ўш вилояти ички ишлар бошқармаси ўзбекистонлик 27 ёшли спортчи Нурсултон Рўзибоевнинг видеомурожаати бўйича судга қадар текширув бошлаган.

Ўш вилояти ИИБ матбуот хизматининг хабарига кўра, Рўзибоев 20 август куни ўзининг Instagram каналида «диний ва ирқий адоват қўзғатувчи чақириқлар бўлган иғвогарона тусдаги” видеомурожаатини жойлаган.

«Қирғизистон жиноят кодексининг 313-моддасига мувофиқ (ирқий, этник, миллий, диний ёки ҳудудлараро адоват қўзғатиш) судга қадар текширув ўтказилмоқда», - дейилади ИИБ хабарида.

Кейинроқ Нурсултон Рўзибоев ижтимоий тармоқдаги видеомурожаатини Қорасув шаҳрида қулатув бўйича “WEF PROFFIGHT” турнирида қатнашганларга йўллаганини билдирди.

“Биринчидан, ҳакам бизнинг байроғимизни улоқтириб юборди, сўкиниб, итара бошлади. Байроғимизни улоқтиришга унинг нима ҳаққи бор?! Бизни нега сўкади?! Бир гуруҳ одамлар мени дўппосламоқчи бўлди... Улар меҳмонларга нима учун бундай муносабатда бўлишди?! Ёмон миллат йўқ, ёмон одамлар бор дейсизлар. Яхши, ўша минглаб спортчилардан қайси бирига мурожаат қилиш керак?

Менинг мурожаатим жангларда қатнашган Қорасув аҳлига йўлланганди. Мен аввалроқ ёзган видеони ўзларига мослаб монтаж қилишган, мен Қирғизистон ҳақида эмас, Қорасувдаги турнир ҳақида гапиргандим. Видеони эса мен гўёки Қирғизистон ҳақида гапиргандек келтиришган. Қирғизистонда мен билан яхши муносабатда бўлган ака ва укаларим, спортчилар бор”, - деди у.

Эслатиб ўтамиз, 18 август куни Қорасувдаги марказий стадионда қулатув бўйича “WEF PROFFIGHT” халқаро турнири бўлиб ўтди. Турнир доирасида 26та жанг, жумладан унвон ва камар учун учта жанг ўтказилди. 84 кг вазн тоифасида Алтинбек Арикбаев ва Нурсултон Рўзибоев ўртасида жанг бўлиб ўтди.

 

Мавзуга оид