Асаларичилик — азалдан етти хазинанинг бири саналади. Шифобахш асал етиштириш, асалариларни парваришлаш катта меҳнат ва маҳорат талаб қилади.

Жорий йил асаларичилар учун жуда қийин мавсум бўлди. Баҳордаги давомли ёмғирлар май ойида асал йиғиб олишга монелик қилди.
Ёзда эса асаларичилар асосан пахта гулидан асал олишади. Бироқ Сурхондарёдаги асаларичилар олдида яна бир муаммо кўндаланг бўлди.
Денов туманининг «Ҳазарбоғ» маҳалласида яшовчи, тўққиз йилдан бери асаларичилик билан шуғулланиб келаётган фермер Зокир Шарипов ўзи дуч келган муаммони ҳикоя қилиб берди.
Унинг айтишича, май ойи серёғин келгани, асаларилар уча олмагани учун анъанавий май асали йиғиш имконияти бўлмаган. Энди пахта асали олиниш даврида пахтазорларга турли зараркунанда ҳашаротларга қарши кучли пестицидлар ишлатилаётгани боис асалариларга ҳам талафот етмоқда.


Нега айнан пахтадан асал олинади? Асаларичи фермернинг айтишича, пахтазорлар жуда катта майдонни ташкил этиши, пахта гули яхши асал бериши сабабли пахта асали олиш азалдан оммалашган.
Муаммога ечим борми? Асаларичи фермер бу борада ўз таклифларини ҳам баён қилди.
Зокир Шариповнинг айтишича, асаларичиликни кўп тармоқли фермер хўжаликлари таркибида қайта ташкил қилиш керак. Масалан, беда ўсимлиги асални яхши беради. Фермерларга беда экиш учун майдонлар ажратилса ҳам тупроқ унумдорлиги ошади, ҳам беданинг уруғини олиш, ҳам гулидан асал йиғиш, ҳам чорвачилик қилиш мумкин.

Шунингдек, Ўзбекистонга Америкадан кириб келаётган павловния дарахтини экиш. Унинг гули кўп асал беради. Қолаверса, у теракдан ҳам тезроқ ўсувчи дарахт ҳисобланади ва унинг ёғочини қурилишда ва бошқа соҳаларда ишлатиш мумкин.


















