Жамият | 18:37 / 29.08.2019
11934
4 дақиқада ўқилади

Мактабгача таълим бошқармасининг ташаббуси билан Фарғона вилоятида 300 нафар боланинг суннат тўйи ўтказилди

Халқимиз — азалдан болажон. Хоҳ ўғил, хоҳ қиз бўлсин, фарзанди дунёга келса, Яратганнинг инъоми сифатида қабул қилиб, шукроналар айтади. Боласини бошига кўтариб авайлайди, бутун меҳрини бериб, уни параваришлаб тарбия қилади.

Фарғона вилояти ҳокимлиги ва Фарғона вилояти мактабгача таълим бошқармаси ташаббуси билан “Суннат тўйлари” ўтказилди. Мазкур тадбирда эзгу қадриятларнинг намойиши бўлди. Миллий либослардаги болалар “Суннат тўйларингиз муборак бўлсин, бахтиёр тўйболалар!” қутлови илинган даврага карнай-сурнай садолари остида кириб келди. Вилоят мактабгача таълим бошқармаси томонидан ўтказилган тантанада тўй болаларнинг ота-оналари, қариндош-уруғлари, маҳалла фаоллари, меҳнат фахрийлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. – Мазкур тадбир ёш авлодга кўрсатилаётган улкан ғамхўрликнинг ёрқин ифодаси бўлди, – дейди Фарғона вилояти мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Юлдузхон Ходжаева.

Мактабгача таълим муассасаларида тарбия олаётган фарзандларимизнинг хайрия суннат тўйларида давранинг тўрида миллий либосларда ўтирган болалар-у уларнинг ота-оналари ва яқинларининг қувончлари чексиз. Буларнинг барчаси юртимизда инсон манфаатларига бўлган юксак эътибор самарасидир. 

Фарғона вилоятида вилоят ҳокимлиги ҳамда Мактабгача таълим бошқармаси ташаббуси билан мустақилликнинг 28 йиллиги муносабати билан вилоятдаги 300 нафар боланинг суннат тўйи ўтказилди.

Қўқон шаҳридаги «Ўрда» тантаналар саройида ўтказилган суннат тўйида Бешариқ, Фурқат, Ўзбекистон, Данғара, Учкўприк, Бувайда, Бағдод туманлари ва Қўқон шаҳрида яшовчи эҳтиёжманд оилаларнинг 150 нафардан ортиқ, Фарғона шаҳридаги “Файз” тантаналар саройида Олтиариқ, Қўштепа, Қува, Фарғона, Ёзёвон туманлари ва Марғилон, Қувасой, Фарғона шаҳарларида истиқомат қиладиган оилаларнинг 150 нафардан ортиқ фарзандлари уларнинг ота оналари иштирок этишди.

Тадбирни Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари Файзулло Қосимов очиб барча болажонлар ва уларнинг ота оналарини ушбу тадбир билан табриклаб вилоят ҳокимининг табригини ўқиб эшиттирди. Вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, туман ва шаҳар ҳокимликлари, жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида ўтказилган суннат тўйида болаларнинг ота-оналари, яқин қариндошлари ҳамда дўстлари меҳмон бўлди. Тўй болаларга сарполар кийдирилиб, ҳомий ташкилотларнинг совғалари топширилди.

«Бугун ўғлим Мухаммадризонинг суннат тўйи бўлди. Оилаларга, айниқса, фарзандларимизга кўрсатилаётган ғамхўрликдан бошимиз кўкка етди. Бунинг учун давлатимиздан, барча саховатли инсонлардан беҳад миннатдормиз», – дейди Бешариқ туманининг Намуна қишлоғида яшовчи Меҳриниса Бобожонова.

Мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, миллий қадриятларимизнинг асоси – меҳр-мурувват, саховат, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашга катта эътибор қаратилмоқда. Мазкур тадбир ҳам ана шундай эзгу қадриятларнинг намойиши бўлди. 

Мазкур тадбирларда, Қиличбек Мадалиев, Абдулхай Каримов, Икромжон Абдуллаев, Набижон Ҳамроев ва бир бир қатор хонандалар  ижросидаги куй-қўшиқлар тадбирга янада кўтаринки кайфият бағишлади. Ташкилотчиларнинг совға-саломлари топширилди.

Миннатдор юраклар ёлқини нуронийлар дуоси, ота-оналар ташаккурига уланди. Мустақиллигимизнинг 28 йиллигига бағишланган байрам тадбирлари вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида давом этмоқда.

Мавзуга оид