Ўзбекистон | 18:34 / 25.05.2026
2015
2 дақиқада ўқилади

Туркия Ўзбекистонга Қуролли кучларни ислоҳ қилишда кўмаклашади

Анқара Ўзбекистонга Қуролли кучларни ислоҳ қилишга кўмаклашиш учун маслаҳат гуруҳини юборди.

Фото: Sabah

Туркия миллий мудофаа вазири Яшар Гюлер Анқара Ўзбекистонга Қуролли кучларни ислоҳ қилишга кўмаклашиш учун маслаҳат гуруҳини юборганини маълум қилди. Бу ҳақда Туркиянинг Sabah нашри хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, «дўстона ва қардош мамлакатлар» Туркия намунасидаги армия тузилмаларини яратишдан манфаатдор ва «Ўзбекистон шу мамлакатлардан биридир». Унинг аниқлик киритишича, илгари Озарбойжонда бўлгани каби Ўзбекистонга ҳам ҳарбий маслаҳатчилар гуруҳи юборилган.

2026 йил январь ойида Ўзбекистон ва Туркия мудофаа вазирлари қўшма машғулотлар, кадрлар тайёрлаш ва ҳарбий-тиббий ҳамкорликни ривожлантиришни ўз ичига олган ҳамкорлик режасини имзолаган эди.

Таъкидланишича, Туркия Ўзбекистонда қўллаётган модел Озарбойжонда аллақачон синовдан ўтган. 2021 йилда у ерда Шуша декларацияси имзоланганидан кейин ҳарбий ҳамкорлик тизимли тус олди. Ушбу ҳужжат иттифоқчилик муносабатларини, жумладан, ҳарбий интеграция элементлари ва ўзаро қўллаб-қувватлаш мажбуриятларини мустаҳкамлади. Ушбу ҳамкорлик доирасида Боку армияни Туркия стандартларига мувофиқ модернизация қилди, қўшма машғулотлар сонини оширди ва мудофаа саноатида, жумладан, Bayraktar дронларидан фойдаланишда яқин ҳамкорликни йўлга қўйди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид