Жаҳон | 10:35
1139
3 дақиқада ўқилади

«Газпром» Мудофаа вазирлиги билан янги шартнома имзолади

Россиянинг «Газпром» компанияси мамлакат Мудофаа вазирлиги билан газ таъминоти объектларини қўриқлаш ва патрул қилиш учун мобил ўт очиш гуруҳларини ташкил этиш бўйича шартнома имзолади. «Эхо» нашрининг ёзишича, ушбу гуруҳларга қўшилганлар амалдаги ҳарбий хизматчилар мақомига эга бўлмайди, балки сафарбарлик резерви таркибида фаолият юритади.

Фото: РИА Новости

Нашр маълум қилишича, шартнома тўлиқ ҳарбий хизматни эмас, балки сафарбарлик резервида бўлишни назарда тутади. Бу эса иштирокчиларга асосий иш жойини сақлаган ҳолда ҳарбий йиғинларда қатнашиш имконини беради.

Ҳужжатларга кўра, мобил гуруҳларга қўшилишни истаган ходимлар тиббий кўрикдан ўтиши, махсус танлов босқичини муваффақиятли топшириши ҳамда икки ойлик тайёргарлик курсини тугатиши лозим.

Шартнома иштирокчиларига асосий иш ҳақидан ташқари Россия Мудофаа вазирлиги томонидан резервда бўлгани, ҳарбий йиғинларда қатнашгани ва резервда узоқ муддат хизмат қилгани учун қўшимча тўловлар амалга оширилади.

Бундан ташқари, ҳужжатларда иш берувчи томонидан ҳарбий йиғинларда қатнашиш даври учун ойига 200 минг рубл миқдорида компенсация тўланиши ҳам назарда тутилган.

«Эхо» маълумотига кўра, дастлабки шартнома уч йил муддатга тузилади. Кейинги шартномалар эса уч йил, беш йил ёки резервчининг ёшига қараб қисқароқ муддатга расмийлаштирилиши мумкин.

Ёш бўйича чекловлар ҳам белгиланган. Жумладан, оддий аскарлар ва прапоршчиклар учун энг юқори ёш 52 ёш, кичик офицерлар учун 57 ёш, катта офицерлар учун эса 62 ёш этиб белгиланган.

Ҳужжатларга мувофиқ, захирадагилар ҳарбий йиғинлар даврида муҳим инфратузилма ва ҳаётий аҳамиятга эга объектларни ҳимоя қилиш ишларига жалб қилиниши мумкин. Бироқ улар фақат шартнома тузилган ҳудуд доирасидагина хизмат қилади.

Нашр, шунингдек, «Газпром» билан боғлиқ деб айтилган «Поток» ва «Факел» номли хусусий ҳарбий тузилмалар ҳақидаги аввалги хабарларни ҳам эслатган.

2023 йил февралида Украина разведкаси «Газпром» ўз хусусий ҳарбий компаниясини ташкил этганини иддао қилган эди. Бу хулоса Россия бош вазири Михаил Мишустин компанияга хусусий қўриқлаш ташкилотини тузишга рухсат берганидан сўнг билдирилган.

Британиянинг Financial Times нашри эса компанияда урушда иштирок этиш учун кўнгиллиларни жалб қилиш 2022 йил август ойидаёқ бошланганини ёзган. Нашрда «Поток» ва «Факел» гуруҳлари тилга олинган бўлиб, оммавий ахборот воситалари маълумотларига кўра, улар амалда Россия Мудофаа вазирлиги тизимига бўйсунади.

2023 йил апрелида ўша пайтда «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясига раҳбарлик қилган Евгений Пригожин ҳам «Газпром» ҳузурида ташкил этилган ушбу тузилмалар урушда иштирок этаётганини айтган ва уларнинг тайёргарлиги ҳамда таъминоти юзасидан танқидий фикрлар билдирган.

Шунингдек, айрим оммавий ахборот воситалари ва очиқ манбаларда эълон қилинган маълумотлар «Поток» ва «Факел» гуруҳларининг «Газпром» билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини билвосита тасдиқлаши қайд этилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид