ИИВ виртуал оламдаги фирибгар ҳақида хабар берди
2019 йил 23 июль куни Навоий шаҳар Толстой кўчасида яшовчи 25 ёшли А.Г. исмли аёл ИИБга мурожаат қилган, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси.
У шу йил 22 июль куни соат 21:00ларда номаълум шахс интернет тармоғи орқали “OLX” сайтига стол-стулдан иборат уй жиҳозларини сотиш мақсадида берган эълони билан танишиб сўнг, +7905036**** ва +7905036**** рақамларидан телефон қилиб, ўзини “Сергей” деб таништирганини ва берилган эълондаги буюмларини сотиб олмоқчилигини, пулларни А.Г.нинг пластик картасига ўтказиб беришини айтиб, унинг номида бўлган пластик картасининг рақамларини олиб, картасидан 14 600 000 сўм пулини ечиб, олганлигини маълум қилган.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
“Ҳурматли фуқаролар, агарда сизга номаълум шахслар интернет тармоғи орқали арзон нархдаги маҳсулотларни таклиф қилса ёки масофадан туриб тўловларни амалга ошириб бераман, деб айтса ҳисоб рақамларингиз ва пластик карточкангизнинг махфий кодларини тақдим қилманг! Чунки ана шундай шахсларнинг аксарияти фирибгарлик йўли билан пулларни ўзлаштириб олмоқда. Бу каби ҳолатлар аввал ҳам юз бергани боис биз бу ҳақида сайтимиз орқали огоҳлантирган эдик. Ҳушёр бўлинг, огоҳлик ва сергаклик сиз ва яқинларингизнинг молиявий хавфсизлигининг гаровидир”, - дейилади ИИВ хабарида.