Спорт | 19:10 / 29.08.2019
34697
5 дақиқада ўқилади

Месси vs Роналду: бу сўнгги раундми?

Бугун Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичига қуръа ташлаш маросими вақтида ўтган мавсумнинг энг яхши футболчилари ҳам тақдирланади. Асосий соврин - «Кумуш футболка»га Лионель Месси, Криштиану Роналду ва Виржийл ван Дейк даъвогар. Лео ва Криштиану — ҳар доимгидай. Бу охирги сафарми? Спорт-Экспресс колумнисти шу ҳақда тўхталди.

У табассум қилди, у жиддий қиёфа билан унинг қўлидан тутиб юрди. Данни Костер ва Жорди Кройф. Йохан Кройфнинг беваси ва унинг ўғли. Улар сешанба оқшомида «Барселона»нинг бошқа кўплаб вакиллари билан бирга буюк нидерланд футболчиси шарафига номланган стадионнинг очилишида қатнашишди.

Йохан Кройф кечагина еврокубокларнинг навбатдаги мавсуми арафасидаги тадбирларда қатнашиб юрарди. Тирик ва янги ғоялар билан. Кейин у дорилбақога рихлат этди. Аммо ундан ном, мерос, футбол фалсафаси қолди.

Шунингдек, унинг ғояларини амалда қўллайдиган мураббийлар ва футболчилар. Улардан бири — Месси. У кўп йиллардан буён пасларга асосланган ақлли ва чиройли футболи билан мухлисларни хурсанд қилишдан чарчамай келмоқда.

Ва унинг асосий рақобатчиси Роналду ҳам миллионлаб мухлисларни футболга маҳлиё қилиб келмоқда, ҳамма ким зўрроқлиги — аргентиналикми ёки португалиялик — баҳс олиб боради.

Албатта, яна бошқа футболчилар ҳам бор — Жанлуижи Буффон, Луис Суарес, Франк Рибери, Гарет Бэйл, Антуан Гризманн... Ҳамиша дуетга бир футболчи қўшилиб трио ҳосил қилиб келган. Аммо улар эмас, айнан Месси ва Роналду замонавий футболнинг тимсоллари бўлиб келишмоқда.

Пас ва дриблинг атлетизм ҳамда тезликка қарши. Туғма талант ва ақл бовар қилмас меҳнаткашлик. Улар мутлақо бир-бирига ўхшамайди ва бир хил даражада машҳур.

Лекин вақт шафқатсиз. Месси «Барса»нинг янги умиди Ансу Фатига фотиҳа берди. Роналду келажакнинг энг яхшиларидан бири бўлишга номзод Маттейс де Лигтни қўлламоқда. Гарчи, ҳозирча улар бу ёш футболчилар билан елкама-елка тўп суришмаган бўлишсада.

Ҳозирча... Аммо, афсуски, бу «ҳозирча» ҳам чегараланган — бир, икки ёки уч йил. Эҳтимол, Лионель ва Криштиану ўртасидаги ўзига хос футбол ринги бу йил охирги марта кузатилар? Ван Дейкми? Ҳатто «Кумуш футболка» унга насиб қилса ҳам, «Барса» ва «Юве» вакиллари энг яхшилар сифатида эътироф этилаверади.

Бизда уларнинг ўйинидан завқланиш учун кўп муддат қолмади. Ҳар лаҳзани қадрланг, Месси ва Роналду иштирокидаги ҳар бир ўйинни кўринг. Кейин бошқа бундай бўлмаслиги мумкин. Янгилар келади, аммо улар бошқалар бўлади. Биз эса келгуси авлодларга Лионелнинг ақлга сиғмас юришларию Криштианунинг ҳаддан ташқари гўзал голлари, Мессининг майин жилмайиши ва Роналду ёрқин табассуми ҳақида ҳикоя қилиб берамиз.

Кимлар овоз берди
2018/19 йилги мавсумнинг энг яхшилари Чемпионлар лигаси ва Европа Лигасида иштирок этган жамоаларнинг 80 нафар мураббийлари ва УЕФА тасарруфидаги лигалардан бўлган 55 нафар журналист берган овозлар орқали аниқланган.

Ўнликка кимлар кирганди
Месси, Роналду ва ван Дейкдан ташқари Алиссон, Садио Мане, Муҳаммад Салоҳ (барчаси — «Ливерпуль»), Эден Азар («Челси»/«Реал»), Маттайс де Лигт («Аякс»/«Ювентус»), Френки де Йонг («Аякс»/«Барселона») ва Раҳим Стерлинг («Манчестер Сити») ҳам респондентларнинг нисбатан кўпроқ овозларига эга бўлганди.

Бошқа мукофотларга кимлар даъвогар
Энг яхши дарвозабон бўлиш учун Алиссон, Юго Ллорис, Марк-Андре тер Штеген даъвогар.

Энг яхши ҳимоячи Трент Александр-Арнолд, Маттейс де Лигт ёки Виржийл ван Дейкдан бири бўлиши мумкин.

Энг яхши яримҳимоячи соврини учун Френки де Йонг, Кристиан Эриксен ва Жордан Ҳендерсон ўртасида рақобат кечган.

Энг яхши ҳужумчи Садио Мане, Лионель Месси ёки Криштиану Роналду.

Энг яхши футболчи аёл мукофоти Люси Бронз, Ада Хегерберг ёки Амандин Анрига тегади.

Европа Лигасининг энг яхши футболчиси бўлиш учун номзодлар учлиги Оливье Жиру, Эден Азар ва Лука Йовичдан иборат.

УЕФА президентининг махсус совғаси Эрик Кантонага берилади.

Аввалги мавсумларда энг яхши футболчилар учлиги қуйидагича бўлган:
2010/11 йилги мавсум: Месси, Хави, Роналду
2011/12 йилги мавсум: Иньеста, Месси, Роналду
2012/13 йилги мавсум: Рибери, Месси, Роналду
2013/14 йилги мавсум: Роналду, Нойер, Роббен
2014/15 йилги мавсум: Месси, Суарес, Роналду
2015/16 йилги мавсум: Роналду, Гризманн, Бэйл
2016/17 йилги мавсум: Роналду, Месси, Буффон
2017/18 йилги мавсум: Модрич, Роналду, Салоҳ

Мавзуга оид