«Аҳволимиз овоза бўлиб кетган». Фарғонанинг Ўзбекистон туманидаги «намунасиз» уйлар ҳақида
Намунали уйларда яшашни орзу қилган кишиларнинг, масъулиятсиз қурувчилар томонидан қўл учида қуриб битказилган коттежларнинг аҳволини кўриб, «Бу уйнинг нимаси намунали?», дейишаётганига кўп бора гувоҳ бўляпмиз. Катта маблағ эвазига уй сотиб олиб норизо бўлаётган инсонлардан жуда кўплаб арзномалар келмоқда.
Аҳоли мурожаатлари ортидан Фарғона вилояти, Ўзбекистон туманига бориб, «Мингтут» маҳалласи Ҳасанобод кўчасидаги намунали уйлардаги аянчли ҳолат устидан чиқдик.
Мазкур ҳудудда 2014 йили 500дан зиёд коттеж қурилиб, фойдаланишга топширилган. Бутун бошли даҳа барпо қилинган. Нархи ўша пайтда 140 миллион сўмни ташкил этган намунали уйларни одамлар яхши ниятлар билан сотиб олишган.
Ҳасанобод кўчасидаги уйлар ҳолати билан танишдик.
Ҳар ёзда ариқ тошиши оқибатида ушбу кўчадаги уйларни сув босиб кетар экан. Ҳаммаёқ лой, уйлар нурай бошлаган, дарахтлар қуриб қолган. Қисқаси, рисоладагидек яшашнинг иложи йўқ.
Ўтган беш йил мобайнида сақланиб қолаётган муаммоларни ҳал қилиш учун туманда аҳоли мурожаат қилмаган идора қолмаган.
Нўъмонжон ака Мамажонов масалага қуйидагича изоҳ берди: «Биз мана шу уйни 2014 йили олган бўлсак, ўшандан бери ташвишларда ҳаёт кечирамиз. Бу уй биз учун «намунали» эмас, балки «ташвишли уй» бўлди. Кўчамизни, уйларимизни ҳар йили ёзда беш-олти марта сув босади. Сабаби, кўчадан ўтган лоток-ариқдан меъёридан ортиқча сув келиши ва тошиб чиқишида. Бу лотокдан икки-учта боғдорчилик фермер хўжаликлари ўз экинларини суғоришда фойдаланишади. Лекин ҳеч ким аҳолига қийинчилик туғдираётган муаммони ҳал қилишга уринмаяпти. Қўшнилар номидан туман ҳокимлигига бордик, ҳоким сув хўжалигига, сув хўжалиги оқин сувларни назорат қилувчи ташкилотга буюрди. Улар ишчи гуруҳи тузиб келишади, ўрганишади. Лекин аҳвол ўшандай қолиб кетаверади. Дардимизни охири сизларга айтишга қарор қилдик.
Боғбон фермерлар, ўз дарахтларини суғориш учун юқори тарафдан керагидан ортиқча сув ҳайдаб келишади. Наҳотки, буларни назорат қилувчи ташкилот бўлмаса? Кўчамизда қишда газ, ёзда ичимлик суви йўқ. Ичимлик сувини моторда тортиб оламиз. Муаммолардан тўйиб, уйларни сотиб қутулай деймиз-у, ҳудуддаги шароитни ҳамма билади. Аҳволимиз овоза бўлиб кетган. Ким ҳам оларди?».
Шу ерда яшовчи Нурхон Саидаҳмедова ҳам ўз фикрларини билдирди.
«Намунали уй учун 50 миллион сўм бошланғич тўлов тўлаб, шартнома бўйича 15 йил ойига 900 мингдан тўлаб боришимиз керак эди. Тўловни шу йил апрель ойида қайта молиялаштиришиб, ойига 1 млн 80 минг сўмга кўтаришди. Барча ҳужжатларни тўғрилаганмиз, уйлар суғурта қилинган, лекин ҳеч ким хабар олмаяпти. Туман ҳокимлиги вакилларига кўп бора чиққанимиздан сўнг, келиб кўришди. Фермерлар «қилиб берамиз, тўғрилаймиз деган ваъдаларни беришди. Фойдаси йўқ», дейди у.
Уй эгалари уйни номига қурган қурувчилардан, арзини эшитмаётган мутасаддилардан норози. Ахир фалон пулга битмаган уй олиб, яшаш учун шароит бўлмагани учун ўз ҳисобидан бошқатдан таъмир қилиб, санузел қуриб яна тинимсиз сув босиши хавфида яшаш кимга ёқади? Ўша пайтда қурувчилар, ҳатто, ер сатҳини ҳам текисламаган экан. Эътибор бериб қарасангиз, бир уй паст, бир уй баланд.
Мансурхон Қосимов лотокдан сув тошган пайтларда уйига тиззадан тепадаги миқдорда сув киришини айтди.
Уйларни кўздан кечирдик. Сув билан кириб келган лойқа, томорқа, уй олдилари, ёртўлаларга ўтириб қолган.
«Яқинда ўғил уйлаб, тўй қиламан, деб турибман. Бу аҳволда келинни қандай оламиз, бошимиз қотган», дейди уй эгаларидан бири.
«Мингтут» МФЙ раиси Ғайратжон Тошпўлатов фуқаролар билан биргаликда муаммони ҳал қилишга уринибди. Лекин самара бўлмабди. Маҳалла оқсоқоли шу кунларда ҳам ҳаракат қилаётганини айтди.
Муаммонинг ечими
Намунали коттежлар эгалари учун масаланинг ечими турлича. Ариқдан сув оладиган фермерлар уни таъмирлашлари керак. Лекин бу иш фойда бериши қийин.
Агар муаммо ечимига ҳокимлик ва қишлоқ ва сув хўжалиги бош қўшиб, бирга ҳаракат қилинса бетон ариқни бошқа жойга кўчириш мумкин. Шунда масала ҳақиқатда ижобий ҳал бўлади.
Намунали уй эгалари шунча ташвиш чекиб, моддий зарар кўрса ҳам виждонсизлик қилишмаган. Чунки, ариқнинг бир нуқтасидан уларга тескари томонини бузиб қўйиш кифоя эди. Сув борича боғ томонга оқиб кетган бўларди. Бироқ, фуқаролар сув иншоотига зарар етказишмаган.
Ўйлаймизки, Ўзбекистон тумани мутасаддилари мақоладан тегишли хулоса чиқаришади.
Kun.uz мухбири Элмурод Эрматов
Тасвирчи, Аҳрорбек Ёқубжонов
Мавзуга оид
10:15 / 23.11.2024
Тошкентда уй-жойга инвестициялар даромадлилиги тушиб бормоқда
10:27 / 14.11.2024
Тошкентда энг арзон уй-жой ижараси қайси туманларда экани айтилди
12:10 / 13.11.2024
Ўзбекистон уй-жой бозорида фаоллик даражаси пасайди
12:39 / 12.11.2024