Ўзбекистон аҳолисининг мутлақ аксарияти – 86 фоизи ҳовли уйларда, 12 фоизи кўп квартирали уйлардаги хонадонларда истиқомат қилади.
Тошкент шаҳрида эса аҳолининг 45 фоизи ҳовли уйларда, 51 фоизи кўп квартирали уйларда яшамоқда.
Ушбу манзара аҳолини рўйхатга олишнинг дастлабки натижаларидан маълум бўлди.
Миллий статистика қўмитаси ҳисоботига кўра, 2026 йил бошида рўйхатга олинган 39 млн 47 минг аҳолининг турар жой турлари бўйича тақсимланиши қуйидагича:
шахсий якка тартибдаги ҳовли ва дала ҳовли – 33 млн 689 минг;
кўп қаватли уйдаги хонадон – 4 млн 826 минг;
талаба ва ўқувчилар ётоқхонаси – 61 минг;
бошқа ётоқхоналар – 63 минг;
яшаш учун фойдаланиладиган нотурар жой – 58 минг;
меҳмонхона, оилавий меҳмон уйи, ҳостел – 3,5 минг;
бошқа турдаги турар жой – 347 минг.
Қайд этиш лозим, 2026 йил 14 январ куни кўп квартирали уйларни бошқариш соҳаси бўйича давлат раҳбарига қилинган таклифлар тақдимотида республика бўйлаб 44 мингдан ортиқ кўп квартирали уйда 7,1 млн аҳоли истиқомат қилиши айтилган эди. Рўйхатга олиш натижасида эса, кўп квартирали уйларда яшовчилар сони 4,8 млн экани ойдинлашди.

Кўп квартирали уйларда яшовчилар
Рўйхатга олиш натижаларига кўра, пойтахт Тошкентда доимий яшовчилар сони 3 млн 225 минг нафарни ташкил этган. Шундан 1 млн 454 мингга яқини (45 фоизи) ҳовли уйларда, 1 млн 655 минг нафари (51 фоизи) эса кўп квартирали уйларда яшайди.








