Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Беларусь ортидан Арманистон ҳам Польшадаги хотира тадбирларига боришдан бош тортди
Арманистон раҳбарияти Польшада сентябрнинг илк кунлари ўтказиладиган Иккинчи жаҳон уруши бошланишининг 80 йиллигига бағишланган тадбирларга таклиф олганига қарамай, уларда иштирок этмайдиган бўлди. Бу ҳақда журналистларга Арманистон ташқи ишлар вазири Зограб Мнацаканян маълум қилди.
“Бу принципиал масаладир. Биз Иккинчи жаҳон урушига бевосита алоқага эга бўлган давлатни билдирамиз. Бизнинг ота-боболаримиз собиқ иттифоқ армияси сафида нацизмга қарши курашган. Биз умумий ғалабага улкан ҳисса қўшганмиз ва ўшанда қолганлар билан бирга умумий ватанимизни [собиқ иттифоқ] ҳимоя қилганмиз. Бизда бундай тадбирлар турли майдонларда қандай ташкиллаштирилиши борасида ўта таъсирчан ёндашув борлиги нормал ҳолатдир”, деб айтган Мнацаканян.
Аввалроқ Польшага боришдан Беларусь президенти Александр Лукашенко бош тортганди. ОАВнинг хабар қилишича, Лукашенко Польшага Россия президенти таклиф қилинмагани сабабли боришдан бош тортган. Беларусь ташқи ишлар вазирлигида собиқ иттифоқнинг барча халқлари нацизм устидан умумий ғалабага ҳал қилувчи ҳисса қўшгани, Марказий ва Шарқий Европанинг озод этилиши ҳамда Германияда нацизмнинг яксон қилиниши кўп миллатли собиқ иттифоқ армияси саъй-ҳаракатлари эвазига мумкин бўлгани айтилган. Вазирлик матбуот котиби Анатолий Глаз собиқ иттифоқ республикаларининг ғалабага қўшган ҳиссасини фарқлаш тарихан нотўғри эканлигини айтган. “Варшавага Қозоғистон, Марказий Осиё давлатлари, Россия таклиф қилинмаган”, деб таъкидлаб ўтган Глаз.
Иккинчи жаҳон уруши 1939 йил 1 сентябрда Германиянинг Польшага бостириб кириши билан бошланган. 17 сентябрда Польша ҳудудига собиқ иттифоқ қўшинлари кириб борган. Бунинг натижасида собиқ иттифоқ таркибига Ғарбий Украина ва Ғарбий Беларусь кирган.
Польша собиқ иттифоқни ва унинг вориси сифатида Россияни Иккинчи жаҳон урушини бошлашда айблаган. Польшанинг фикрича, ўшанда Германия ва собиқ иттифоқ Молотов-Риббентроп пакти билан Польшани иккига бўлиб олган. Шу билан бирга Германия ҳужуми расмиятчилик деб қабул қилинган. Москва бундай айбловларга қарши чиқмоқда.
Мавзуга оид
10:05
Кинога кўчган ҳаёт: Иккинчи жаҳон урушида қурол ишлатмасдан қаҳрамон бўлган аскар ким эди?
09:45 / 15.06.2026
Арманистон собиқ президентига мамлакатдан чиқиш тақиқланди
15:04 / 13.06.2026
Шавкат Мирзиёев Никол Пашинянни сайловдаги ғалабаси билан табриклади
10:45 / 13.06.2026