Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Кинога кўчган ҳаёт: Иккинчи жаҳон урушида қурол ишлатмасдан қаҳрамон бўлган аскар ким эди?
2016 йилда Ҳолливуд киноижодкорлари томонидан суратга олинган “Виждон амри” филми катта экранларга чиқади. Филм томошабинлар ва танқидчилар томонидан ижобий баҳоланади. 40 млн доллар сарфланган бу филм продюсерларга 180 млн доллардан ортиқ даромад келтиради. “Виждон амри” филми Иккинчи жаҳон уруши пайтида қурол ишлатишдан бош тортиб қаҳрамон бўлган аскар ҳақида эди.
Уруш – ўз оти билан уруш. Жанг майдонига кирганлар душманни ўлдиради ёки ўзи ҳалок бўлади. Урушга “ҳеч кимни ўлдирмайман” деб тушган аскар узоққа бормайди. Чунки у душманга раҳм қилса-да, ёв унга раҳм қилмайди.
Бироқ истиснолар ҳам бўлар экан. Урушга чақирилганда қурол ишлатишдан, душманни ўлдиришдан бўйин товлаган аскар бир неча йил давомида қонли жангларда қатнашиб омон қолиши, бунинг устига қаҳрамон бўлиши ҳам мумкин экан.
1942 йилдан 1945 йилгача Иккинчи жаҳон урушида қатнашган ва қақшатқич жангларда иштирок этган америкалик Десмонд Досс билан шундай бўлади.
Урушга чақирилган пайтда Десмонд қўлига ўточар қурол олишдан бош тортади. Шундай бўлса ҳам уни японларга қарши жанглар давом этаётган Жанубий-Шарқий Осиёга жўнатиб юборишади.
Десмонд 4 йил японларга қарши бўлиб ўтган жангда қатнашади ва бу давр мобайнида бирор марта ҳам қўлига қурол олмайди. Шундай бўлса ҳам у бир неча марта жанговар қаҳрамонликлари учун орден ва медаллар билан тақдирланади.
Қурол ишлатишдан бош тортган аскар
1919 йилда туғилган Десмонд Досс Иккинчи жаҳон уруши бошланганда 20 ёшда эди. 1941 йил декабрда японлар Ҳавайи оролларида жойлашган Перл-Ҳарбор ҳарбий базасига ҳужум қилади.
Шундан сўнг АҚШ Японияга қарши уруш эълон қилади ва Иккинчи жаҳон урушига қўшилади. Ўша пайтда Десмонд денгиздаги верфда ишлар ва унда ҳарбий хизматга бормаслик имтиёзи бор эди.
Бироқ Десмонд бу имтиёздан фойдаланишни хоҳламайди, бошқалар қатори урушга боришга қарор қилади. У японларнинг Перл-Ҳарборга ҳужуми ҳақида хабар топгач, ҳарбий хизматга бориш учун кўнгилли сифатида рўйхатга ёзилади.
Десмондни 1942 йилга келиб армия сафига чақиришади ва ҳарбий тайёргарликдан ўтиши учун Жанубий Каролина штатида жойлашган ҳарбий қисмга юборишади.
Ҳарбий қисмга етиб боргач Десмонд ўз командирларига урушга боришини, бироқ қўлига ўқотар қурол ушламаслигини маълум қилади.
Десмонднинг бу қарори армия хизмати учун бирмунча хавфли эди. Чунки бошқа аскарлар ҳам ундан ўрнак олиши ва урушдан бўйин товлаши ёки ўқотар қурол ишлатишдан бош тортиши мумкин эди.
Шу сабабли командирлар унга босим ўтказади, хизматдош йигитлар устидан кулади, калака қилади. Лекин Десмонд ўз қароридан қайтмайди.
Шунда қўмондонлик уни тиббий бўлинмага қўшиб қўяди. Тиббий ходимларга ёрдам берган бу бўлинманинг асосий вазифаси ярадор аскарларни жанг майдонидан хавфсиз жойга олиб чиқиш бўлган.
Бу бўлинмада хизмат қилган аскарларга ҳам бошқалар қатори қурол берилган. Душман ҳужум қилганда, зарур ҳолатларда улар қуролларни ишлатган, жангларда қатнашган.
Кўп ўтмай Десмонд хизмат қилаётган полк мансуб бўлган дивизия Жанубий-Шарқий Осиёга жўнатиб юборилади. Десмонд қуролсиз ҳолда биргина ҳарбий форма билан урушга қўшилади.
Гарчи Десмонд қўлига қурол олмаса-да, уруш давомида кўплаб қаҳрамонликлар кўрсатади. У кўп марта ўқ ёмғири остида ярадор аскарларни жанг майдонидан олиб чиқади ва уларнинг ҳаётини асраб қолади.
1944 йилда Десмонд Гуам ва Филиппинда кўрсатган қаҳрамонликлари учун иккита Бронза юлдуз медали билан тақдирланади.
Десмондни машҳур қилган ҳодиса 1945 йил баҳорида бўлиб ўтган Окинава ороли учун кечган жанг эди. Бу орол Япония жанубида жойлашган бўлиб, у Кюсю провинция таркибига киради.
1945 йил 1 апрел куни америкалик ҳарбийлар Окинава оролини эгаллаш мақсадида “Айсберг” амалиётини бошлайди ва у 23 июнгача 82 кун давом этади.
Оролни эгаллаш учун олиб борилган жангларда АҚШ армияси жуда қатттиқ қаршиликка учрайди. Японлар кўп қурбон беришига қарамасдан оролни жон-жаҳди билан ҳимоя қилади.
Жангларнинг бирида оролдаги тепалик устига жойлашиб олган АҚШ армияси японларнинг жуда кучли ҳужумига учрайди. Ана шу жангда Десмонд ўқ ёмғири остида 100 нафарга яқин ярадор аскарни жанг майдонидан хавфсиз жойга олиб чиқади.
Жанг давомида у бир неча жойидан яраланади, лекин охирги ярадорни олиб чиқмагунча ишини давом эттираверади. Ҳатто ўқларнинг бири Десмонднинг қўлига тегиб, уни синдиради. Бироқ аскар шу ҳолида ҳам синган қўли билан ярадорларни жанг майдонидан олиб чиқишда давом этади.
Жанг охирларида душман отган граната Десмонд ва ярадор аскарлар турган жойга келиб тушади. Шунда у дарҳол гранатани олиб четроққа улоқтиради. Бироқ граната ерга тушишга улгурмай портлайди ва ундан чиққан осколкалар Десмонднинг танасига суқилади.
Ярадор бўлган Десмонд ҳарбий госпиталга ётқизилади. Унинг танасидан граната бўлаклари – 17 та темир парчаси чиқариб олинади. Қўли гипсланади, бошқа яралар боғланади.
Ярадор бўлган Десмонд яна жанг майдонига қайта олмасди. Шу сабабли уни 1945 йил 21 май куни самолёт орқали АҚШга юборишади. Йигит тиббий муолажанинг давомини ватанида олади. Ўшанда Окинава жангида кўрсатган қаҳрамонликлари учун Десмондга “Шон-шараф” медали берилади.
Урушдан кейинги ҳаёт
Урушдан сўнг бир муддат даволанган Десмонд эски ишига қайтади, бироқ узоқ ишлай олмайди. Уни уруш даврида орттириб олган касаллиги – сил безовта қила бошлайди.
Десмонд беш йил даволанади ва бу муддатда унинг бир томон ўпкаси ҳамда бешта қовурғаси олиб ташланади. 1951 йилда уни 90 фоиз ногиронлик даражаси билан шифохонадан чиқаришади.
Шундан сўнг у анча йиллар давомида турли дорилар қабул қилиб юради. Оқибатда антибиотиклар таъсир қилиб соғлиги баттар ёмонлашади ва 1976 йилга келиб 100 фоиз ногирон бўлиб қолади.
Гарчи ногирон бўлса-да Десмонд узоқ яшайди ва 2006 йилда 87 ёшида Алабама штатидаги уйида вафот этади. Десмонднинг бир нафар ўғил фарзанди бўлган, у ҳам отасининг изидан бориб ҳарбий врач касбини эгаллайди.
Десмонд Досс ҳақида филм
2015 йилда машҳур Ҳолливуд юлдузи, актёр, режиссёр ва продюссер Мел Гибсон Десмонд Досс ҳақида филм олишга қарор қилади.
Филм сценарийсини Эндрю Найт ва Роберт Шеккан ёзади. Суратга олиш ишлари 2015 йил сентябрдан декабргача Австралияда бўлиб ўтади.
Филмда Десмонд Досс ролини Ҳолливуднинг таниқли актёри Эндр Гарфилд ижро этади. Продюсерлар филмни суратга олиш учун 40 млн доллар сарфлайди.
Филм тақдимоти 2016 йил сентябрда Венециядаги халқаро кинофестивалда, 3 ноябрда Австралияда, 4 ноябр куни АҚШда ўтказилади. “Виждон амри” деб номланган филмни танқидчилар ҳам, томошабинлар ҳам илиқ кутиб олишади.
Филм продюссерларга умумий ҳисобда 180 млн доллардан ортиқ даромад келтиради.
“Виждон амри” филми олтита йўналишда “Оскар” мукофотига даъвогарлик қилади ва иккита йўналишда шу нуфузли совринни қўлга киритади.
Шунингдек, филм “Олтин глобус”, Британия кино санъати академияси ва бошқа кўплаб нуфузли киномукофотларни қўлга киритади.
Мавзуга оид
18:26 / 04.05.2026
“Президент орзумга етказсин дейман” – фарғоналик 106 ёшли уруш фахрийси
17:26 / 10.11.2025
Фронтда Россия аскарларига мотоциклда озиқ-овқат етказиб берган ўзбекистонлик йигит озодликдан маҳрум қилинди
09:59 / 06.10.2025
Трамп Чикагога 300 нафар Миллий гвардия аскарини юборишга рухсат берди
08:50 / 04.10.2025