Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Фарғонада Мустақиллик байрами арафасида 323 та янги мактабгача таълим муассасаси очилди
2017 йилнинг 30 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинган эди. Мазкур ҳуқуқий асосга кўра, мактабгача таълим муассасаларининг давлат ва нодавлат тармоқларини янада кенгайтириш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, давлат ва хусусий сектор шериклиги шартларида мактабгача таълим муассасаларининг янги шаклларини жорий этиш белгиланган.




Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мактабгача таълим сифати – эртанги кунимизни ҳал қиладиган масала. Мактабгача таълим соҳасини ривожлантириш фақатгина янги ташкил этилган вазирликнинг вазифаси эмас, барчамизнинг энг муҳим вазифамиз бўлиши керак”, деган сўзларини дастурга айлантирган фарғоналиклар мустақиллигимизнинг 28 йиллиги муносабати билан яна бир ишга қўл уришди.
Мустақиллик байрамининг 28 йиллиги арафасида 3 та давлат мактабгача таълим муассасалари реконструкциядан чиқарилиб, 320 та нодавлат мактабгача таълим муасссасалари фойдаланишга топширилди. Уларда 10 мингдан зиёд болаларни қамраб олиш қуввати ҳамда 1066 нафар янги иш ўринлари мавжуд.




Ушбу масканларда болажонларнинг таълим-тарбия олишлари учун барча шароитлар яратилган ва улар замонавий юмшоқ мебел ҳамда ўйинчоқлар билан тўлиқ таъминланган. Эндиликда бу масканларда тарбияланувчи болажонлар инглиз ва рус тилларини ҳам бемалол ўрганишлари мумкин.
Ўтказилган тадбирлар ва очилиш маросимларида Фарғона вилояти ҳокимлиги, вилоят Мактабгача таълим бошқармаси раҳбарияти билан бир қаторда туман ва шаҳар ҳокимликлари вакиллари иштирок этишди.
Шундан сўнг мустақиллик байрамини кенг нишонлаш мақсадида вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ва ходимлари иштирокида жойларда байрам тадбирлари уюштирилди.




Болаларда ўқишга қизиқиш ҳамда интилиш ҳиссини уйғотиш, уларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун интеграл таълимни ташкил этиш, шахсга йўналтирилган таълим-тарбияни амалга ошириш, болаларни халқимизнинг азалий анъаналари асосида тарбиялаш учун шарт-шароитлар яратиш, болаларда мустақиллик, масъулиятлилик, ташаббускорлик хислатларини шакллантиришга қаратилган ижобий ишлар вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида давом эттирилмоқда.