Ўзбекистон | 14:50 / 30.08.2019
12456
1 дақиқада ўқилади

ТИВ Швецияда қўлга олинган шахс Ўзбекистон фуқароси эмаслигини маълум қилди

Фото: REUTERS

2019 йил 15 августда қатор халқаро ОАВда террористик фитнани ташкиллаштириш ва 2017 йил 7 апрелда Стокголм шаҳридаги фожиали воқеаларга алоқадорликда гумонланиб Эстерсунд шаҳрида (Швеция) ўзбекистонлик деб тахмин қилинаётган шахснинг қўлга олиниши тўғрисида хабар тарқалди.

Тарқалган ушбу маълумот муносабати билан Ўзбекистоннинг Берлин шаҳридаги элчихонаси ўз консуллик округига кирувчи Швеция Қироллиги томонига сўровнома йўллади.

29 август куни дипломатик ваколатхона Эстерсунд шаҳри округ судидан қўлга олинган шахснинг Ўзбекистон фуқароси эмаслиги тўғрисида расмий жавоб олди, дейилади ТИВ хабарида.

Консуллик-ҳуқуқий департамент Германия (Шлезвиг-Ҳолштайн, Гамбург, Мекленбург-Олд Померания, Берлин, Бранденбург, Бремен, Қуйи Саксония, Саксония-Анҳалт, Саксония, Тюрингия), Швеция, Швейцария ва Чехия ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига улар зарурат туғилган ҳолатларда Берлин шаҳридаги элчихонага қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтган: +49-30-39-40-98-55; +49-30-39-40-98-30.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид