Ўзбекистон | 20:07 / 01.09.2019
17512
3 дақиқада ўқилади

Ёнғин хавфсизлиги институтида биринчи босқич курсантларининг «Ҳарбий қасамёд» маросими бўлиб ўтди

Бугун, 1 сентябрь куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги институтида биринчи босқич курсантларининг «Ҳарбий қасамёд» қабул қилиш тантанали маросими ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ФВВ Ёнғин хавфсизлиги институти матбуот хизмати хабар берди.

Унда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарияти, 

Ёнғин хавфсизлиги институти шахсий таркиби ҳамда профессор-ўқитувчилари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ва бир қатор бошқа жамоатчилик ташкилотлари вакиллари, Сергели тумани ҳокимлиги мутасаддилари, курсантларнинг ота-оналари ва яқинлари, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. 

Ҳозирда институтда 700 нафарга яқин курсант таҳсил олаётган бўлса, уларнинг 150 нафардан ортиқроғи биринчи босқич курсантлари ҳисобланади. Улар ФВВ Ёнғин хавфсизлиги институтига қабул қилиниши муносабати билан Ватанга муҳаббат ва эл-юртга садоқат, мамлакатимиз Президентига содиқликка қасамёд қилишди.

Тадбирда сўзга чиққан, Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари, генерал-майор Абдулла Қўлдошев институтнинг биринчи босқичига қабул қилинган курсантларни «Ҳарбий қасамёд» қабул қилганликлари муносабати билан табриклади. 

Шундан сўнг институтнинг юқори босқичларида таҳсил олаётган, аъло баҳоларга ўқиётган ва жамоат ишларида ўрнак бўлаётган иқтидорли курсантларга - «Вазир стипендиантлари»га фахрий ёрлиқлар тантанали равишда топширилди. 

Институт бошлиғи вазифасини бажарувчи полковник Дилшод Тохтамурадов олий даргоҳга қабул қилинган биринчи босқич курсантларини қизғин қутлади.

— Олий ҳарбий таълим муассасасига ўқишга кириш ҳар бир йигит кишининг орзуси бўлса керак деб ўйлайман, — дейди биринчи босқич курсанти Лазизбек Фармонов. — Мана бугун Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги институтининг курсанти бўлишдек бахтга муяссар бўлиш билан бирга барча сафдошларим билан ҳарбий қасамёд қабул қилганлигимиз бизга янада масъулият, матонат, шижоат, фахр ва ғурур бағишлайди. 
 

Мен ва сафдошларим ўз қасамёдимизга содиқ қолиб, она Ватанимизга, Президентимизга, халқимизга садоқатли хизмат қилиб, ўз йигитлик бурчимизни мардонавор адо этамиз.

— Фарзандларимиз илк маротаба Она Ватанимизга, Президентимизга, Халқимизга муносиб хизмат қилиш йўлида қасамёд қабул қилишди. Улар орасида менинг ўғлим ҳам борлигидан фахрланаман, — дейди Муаттар Мамадинова. — Ишонч билан айтаманки, фарзандларимиз, келажакда муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан ёшларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликларга муносиб жавоб берган ҳолда, Ватанимизнинг ишончли ҳимоячилари бўлиб етишишади.  

Тадбир сўнгида таниқли санъаткорлар томонидан тайёрланган куй-қўшиқлар меҳмонлар эътиборига ҳавола этилди.

Мавзуга оид