Мудофаа вазирлиги олий ҳарбий таълим муассасалари курсантлари ҳарбий қасамёд қабул қилди
Мудофаа вазирлиги олий ҳарбий таълим муассасаси курсанти, миллий армия ҳарбийси бўлиш насиб этган ўғлонлар тантанали равишда Ҳарбий қасамёд қабул қилишди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар бермоқда.
Хусусан, Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида янгидан барпо этилган олий ҳарбий таълим муассасаси – Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий авиация билим юртининг очилиши, шунингдек, билим юрти 1-курс курсантларининг Ҳарбий қасамёд қабул қилишига бағишланган тантанали тадбир ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов, Мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов, Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, Мудофаа вазирлиги фахрийлари, кенг жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Янги объект рамзий лентаси қирқилгач, олий ҳарбий авиация билим юрти бошлиғига рамзий калит, шунингдек, Президентимиз номидан енгил автомобиль ва вилоят ҳокими номидан “Isuzu” автобуси топширилди.
Объектни капитал таъмирлаш ишларида иштирок этган мутахассислар Мудофаа вазирининг эсдалик нишонлари билан тақдирланди.
25 йиллик тарихга эга олий ҳарбий таълим муассасаси очилишига бағишланган тадбир давомида Ҳарбий ҳаво кучлари томонидан тайёрланган ҳаво паради ва авиашоу намойиш этилди. Парад аввалида Н-125 русумли вертолётда давлатимиз байроғи олиб ўтилди. Ми-8МТ, Ми-24 вертолётлари, С-295, Су-25, Миг-29 самолётларининг билим юрти узра парвози меҳмонлар томонидан олқишланди.
Шунингдек, Қуролли Кучлар академиясида бўлиб ўтган тантанада ҳам академиянинг умумқўшин факультетига ўқишга кирган курсантлар тантанали Ҳарбий қасамёд қабул қилишди.
Мудофаа вазирлиги раҳбарияти, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ота-оналар иштирокида бўлиб ўтган маросимда Ўзбекистон Қуролли Кучларининг мамлакат мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини сақлаш, тинч ва осуда ҳаётни ҳимоя қилишнинг мустаҳкам таянчи бўлиб келаётгани, ҳарбий хизматнинг ёшлар учун том маънода мардлик, чиниқиш ва тобланиш мактабига айлангани таъкидланди.
Мазкур тантаналар Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти ҳамда Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги ҳарбий-тиббиёт факультетида ҳам ана шундай тарзда ўтди.
Мавзуга оид
20:57 / 11.11.2024
Германия ТИВ раҳбари мудофаа харажатларини оширишга чақирди
19:02 / 28.10.2024
Ўзбекистон дунёнинг энг кучли армиялари рейтингида 20 таликка кирди
18:22 / 18.08.2024
Тергов Шойгунинг собиқ ўринбосарининг бошқа жиноятларга ҳам алоқадорлигини текширади
18:32 / 13.08.2024