Ўзбекистон | 15:25 / 03.09.2019
8861
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик ҳарбий разведкачилар “Олтин укки – 2019” халқаро мусобақасида иккинчи ўринни қўлга киритди

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

28 август-2 сентябрь кунлари Қозоғистоннинг “Спасск” ўқув полигонида разведкачилар ўртасида “Олтин укки – 2019” халқаро мусобақаси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти.

Мазкур мусобақада Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоаси ҳам иштирок этиб, иккинчи ўринни қўлга киритди. Биринчи ўрин мезбон давлатга насиб этган бўлса, кучли учликка россиялик разведкачилар якун ясади.

Шунингдек, мусобақада Беларуссь, Россия, Ҳиндистондан келган жамоалар ҳамда Қозоғистон Мудофаа вазирлигининг ўзидан 5 та жамоа иштирок этди.

Разведкачилар мусобақа давомида 12 турдаги турли мураккаб ўқув-жанговар машқларни бажарди. Ҳар бир гуруҳ 100 километрдан ортиқ бўлган масофани босиб ўтди.

Бундан ташқари, махсус бўлинмалар махфий жойларни жиҳозлаш, мураккаб ҳудудларда разведка ва қидирув ишларини олиб бориш, душманларнинг кутилмаган ҳужумларини қайтаришди, сувли тўсиқларни босиб ўтиш ва ҳарбий топография, ўт очиш ва муҳандислик машғулотларини ўтказдилар.

Тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига Қозоғистон ҳарбий разведкасининг рамзи бўлган – кумуш укки совға қилинди.

Мавзуга оид