Ўзбекистон | 12:23 / 04.09.2019
9072
3 дақиқада ўқилади

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимчалар киритилади. Улар божхонага алоқадор 

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2015–XII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин:

227-4-модданинг (Товарлар, транспорт воситалари ва уларнинг ҳужжатларини божхона органининг рухсатисиз бериш, уларни йўқотиш ёки етказиб бермаслик) бешинчи қисми (Товарларни, транспорт воситаларини ва уларнинг ҳужжатларини етказиб беришнинг божхона органи томонидан белгиланган муддатига риоя қилмаслик) санкцияси қуйидаги таҳрирда баён этилади:

«фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир баравари, мансабдор шахсларга эса — уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади»;

227-10-модданинг (Товарлар ва транспорт воситаларини декларациялаш тартибини бузиш) иккинчи қисми (Божхона органига товарлар ва транспорт воситалари учун божхона декларациясини, худди шунингдек ҳужжатлар ва қўшимча маълумотларни белгиланган муддатларда тақдим этмаслик) санкцияси қуйидаги таҳрирда баён этилади:

«фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч баравари, мансабдор шахсларга эса — беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади»;

227-13-модда (Товарларни сақлаш учун қўйиш, уларни сақлаш ва улар билан операциялар ўтказиш тартибини бузиш):

биринчи қисми диспозициясидаги «ва муддатларига» деган сўзлар чиқариб ташланади;

қуйидаги таҳрирдаги учинчи қисм билан тўлдирилади:

«Товарларни сақлаш учун қўйишнинг белгиланган муддатларига риоя этмаслик, — фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч баравари, мансабдор шахсларга эса — етти баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади»;

227-16-модданинг (Товарлар ва транспорт воситаларини Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқмаслик ёки уларни ушбу ҳудудга қайтариб олиб кирмаслик) биринчи қисми (Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига илгари олиб кирилган товарлар ва транспорт воситаларини божхона ҳудудидан ташқарига белгиланган муддатларда олиб чиқмаслик, агар уларни қайтариб олиб чиқиш шарт бўлса, жиноят аломатлари бўлмаган тақдирда) санкцияси қуйидаги таҳрирда баён этилади:

«фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш баравари, мансабдор шахсларга эса — етти баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади»;

227-22-модда (Товарларни декларацияламаслик ёки нотўғри декларациялаш) қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилади:

«Божхона юк декларациясида товарларнинг Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасига мувофиқ коди, миқдори ҳамда ҳисобланган божхона тўловлари миқдорига таъсир этмаган нотўғри маълумотларни кўрсатиш, – энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади».

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид