Жамият | 14:04 / 05.09.2019
30987
3 дақиқада ўқилади

Электр энергиясини ўғирлашнинг яна бир антиқа тури аниқланди

Фото: Карельские вести

Яқинда қашқадарёлик тадбиркорнинг электр энергияси ҳисоблагичининг ички қисмига махсус қурилма (чип) ўрнатгани, ушбу қурилма пульт орқали бошқарилиб, қурилма ишга туширилган вақтда электр ҳисоблагич оқиб ўтаётган электр энергиясини ҳисобга олмаслиги билан ўғирлик содир этиб келганлиги аниқланган эди, деб хабар бермоқда Энергетика вазирлиги. 

“Ўзэнергоинспекция”нинг Жиззах ҳудудий бўлими ва Мажбурий ижро бюроси Жиззах шаҳар бошқармасининг қўшма иш режасига асосан истеъмолчиларнинг электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари бўйича ўрганишлар олиб борилганда электр энергиясини ўғирлашнинг яна бир антиқа усули аниқланган.

Ўрганишлар мобайнида Жиззах шаҳридаги МЧЖга қарашли умумий овқатланиш шохобчасида ўрнатилган “Мercury 230 ART” электр ҳисоблагичидаги ишлаб чиқарувчи заводнинг голографик муҳрига зиён етказилганлиги шубҳа уйғотди. Бу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида, ушбу турдаги электр ҳисоблагичлар ишлаб чиқарувчининг Ўзбекистондаги вакили - “Neotech Group” МЧЖга мурожаат қилинди.

Электр ҳисоблагичнинг стандарт талабларига мослиги текширилганда электр энергиясини ўғирлашнинг “антиқа” тури аниқланди. “Neotech Group” МЧЖнинг берган хулосасига кўра, МЧЖнинг электр ҳисоблагичдаги завод томонидан ўрнатилган голографик муҳр ва кафолат ёрлиғи бузилганлиги, энг муҳими - электр ҳисоблагичнинг ички хотира блоки алмаштириб, бошқа ҳисоблагичнинг ички хотира блоки ўрнатилганлиги ошкор бўлди.  

Ушбу ҳолат бўйича Жиззах шаҳри Мажбурий ижро бюроси томонидан қоидабузарлик далолатномаси расмийлаштирилди ва истеъмолчи электр тармоғидан узилди.

“Ўзэнергоинспекция”нинг Жиззах ҳудудий бўлими мутахассиси хулосаси асосида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сонли қарорига асосан, яъни истеъмол қилинган электр энергияси кўрсатгичларини камайтириш мақсадида кўз билан аниқланмайдиган усулда ўғирланган тури учун корхона 302 млн. сўм жаримага тортилди. 

Бундан ташқари, ўтган ўн кунлик даврида электр энергияси истеъмолчилари томонидан 33 та қоида бузилиш ҳолатлари содир этилганлиги аниқланиб, уларга жами 707 139 285 сўм қайта ҳисоб-китоб амалга оширилди. 

Жумладан, Андижон вилояти Олтинкўл туманидаги “Истироҳат боғи”га - 425 213 721 сўм, Самарқанд вилояти Тайлоқ туманидаги истеъмолчи фермер хўжалигига - 95 685 480 сўм, Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги истеъмолчи фермер хўжалигига  - 37 866 400 сўм миқдоридаги пул маблағлари қайта ҳисоб-китоб қилинди.

Мавзуга оид