Мактаблар «автобиографияси»: Таълим тизимидаги янги электрон ресурслар ҳақида биласизми?
Фарзандингиз мактабда неча баҳога ўқиётгани ва давоматини масофадан туриб билиб олишингиз мумкинлигидан хабарингиз борми? Ўқитувчилар энди ҳар қандай қоғозбозликдан қутулиб, барча ҳужжатларни электрон форматда осон шаклда юритишидан-чи?
Қуйида халқ таълими соҳасида АКТни ривожлантириш маркази маълумотларига таянган ҳолда мактаблардаги янги қулайликларни тақдим этувчи дастурлар ҳақида маълумот берамиз. Улардан фойдаланиш орқали ўқувчи ҳам, ота-она ҳам, педагог ҳам вақт ва сифатдан юта олади.
OpenEmis ─ мактаблар ҳақида очиқ портал
Республика бўйича мавжуд 9819та умумтаълим мактабининг «автобиографияси» OpenEmis порталида жамланган. emis.uzedu.uz манзилига кириш орқали мактаб ҳақида қизиқтирган барча ахборотни топиш мумкин. Мактабнинг жойлашуви, биноларнинг ижтимоий ва техник ҳолати, ўқитувчи ва ўқувчилар сони, муассасанинг дарсликлар билан таъминланганлик даражаси, давомат кўрсаткичлари каби маълумотлар тўлиқ кўрсатилган. Қисқача айтганда, OpenEmis орқали мактабда ичимлик суви бор-йўқлигидан тортиб, ўқитувчиларнинг билим даражасигача бўлган маълумотга эга бўлиш мумкин.
Шаҳодатномалар электрон шаклда ҳам берилади
Анъанавий қоғоз шаҳодатнома билан бирга унинг электрон варианти ҳам жорий этилди. Яъни шаҳодатнома қоғозининг орқа қисмига туширилган махсус QR-кодни сканер қилиш орқали мактаб битирувчиси ҳақида умумий ягона база ─ attestat.uzedu.uz веб-манзилидан маълумот олиш мумкин. Бундай шаҳодатнома электрон имзо ёрдамида тасдиқланади. Мактабни битирганлик тўғрисидаги шаҳодатномани электрон вариантда ҳам расмийлаштириш битирувчилар ҳақида маълумотларни идоралараро тармоқ орқали алмашиш имкониятини беради. Онлайн ҳужжатлар алмашинувини ҳам осонлаштиради. Ҳужжат халқаро талабларга жавоб беради. Халқаро университетларга ҳужжат топширишда қулайлик бўлиши учун шаҳодатномадаги маълумотлар уч ─ ўзбек, рус, инглиз тилларида киритилади.
Ўқувчиларнинг инглиз тили бўйича билимлари миллий дастур асосида аниқланади
«Умумтаълим муассасалари ўқувчиларининг инглиз тилидаги билим даражасини аниқлаш бўйича барқарор компьютерлаштирилган баҳолаш тизимини жорий этиш» лойиҳаси йўлга қўйилган бўлиб, у ўқувчиларнинг инглиз тилини билиш даражасини янги мезонлар асосида баҳолашни кўзда тутади. Бунда компьютердаги мантиқий тестлар ёрдамида ўқувчининг инглиз тилида фикрлай олиш маҳорати баҳоланади, шунингдек, инглиз тилида эркин суҳбат қура олиш ва ўз фикрини ёзма ифодалаш кўникмалари ҳам алоҳида ёндашув асосида текширилади. Ўқувчиларнинг кўрсаткичлари https://neat.uzedu.uz тизимига киритиб борилади. Америкалик мутахассислар билан ҳамкорликда йўлга қўйилган бу тизим республиканинг турли ҳудудларида ўқувчиларнинг инглиз тилини ўзлаштириш даражасини қиёсий таҳлил қилиш имконини ҳам беради.
Мактаб қачон таъмирланишини муаммосиз билиб олиш мумкин
Ҳудудлардаги мактабларнинг қурилиши, реконструкция ва таъмирлаш масалалари, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати каби ота-оналарни қизиқтирадиган масалаларга жавоб берувчи stat.uzedu.uz ахборот тизими ишга туширилди. Бу мактабнинг техник ҳолати ҳақида мунтазам маълумот берилишини таъминлайди ва турли ноқулайликлар бўйича ота-оналарда эътирозлар пайдо бўлишининг олдини олади.
Дарсликларнинг барчаси электрон шаклда
www.eduportal.uz ахборот-таълим порталида республика бўйича умумтаълим мактабларида барча синф ўқувчилари фойдаланаётган дарсликлар ва ўқитувчилар учун мўлжалланган методик қўлланмаларнинг ҳаммаси электрон шаклда жойлаштирилган. Дарслик ва қўлланмаларни тўлиқ матнда 7та тилда топиш мумкин.
Kundalik.uz: қоғозбозликка чек қўйилади
Kundalik.uz ўқувчилар, ўқитувчилар, ота-оналар ва мактаб маъмурияти учун ахборот алмашиш платформаси вазифасини ажратади. Унда улар ўзаро ахборот алмашишлари, турли гуруҳларда муайян мавзу бўйича мулоқот қилишлари, фото ва видео материаллар базасидан фойдаланишлари мумкин. Ҳар бир фойдаланувчи ўз профилини яратиш орқали порталдан фойдаланади.
Унда ўқитувчилар журнал, дарс жадвали ва ўқув режасидан электрон тарзда фойдаланишлари, виртуал конференцияни амалга оширишлари ҳамда эълонларни бериб боришлари мумкин. Педагоглар ўз ўқувчилари ва уларнинг ота-оналари билан оператив мулоқотни йўлга қўя олишади, бошқа ҳудуддаги ўқитувчилар билан тажриба ва материаллар алмашишлари қулайлашади. Ўқувчилар ўз вазифалари, дарс жадвали, баҳолари ҳақида доимий равишда маълумот олиб боришлари мумкин бўлади, кундаликлар электрон шаклда юритилади. Онлайн тест ва масофавий ўқитиш имконияти ҳам мавжуд. Ота-оналар эса фарзандининг давомат ва ўзлаштиришидан доимий равишда бохабар бўлади. Мактаб раҳбарияти билан масофавий тарзда мулоқот қила олади. Халқ таълими тизимидаги бошқарув органлари эса мазкур портал орқали таълим жараёнини мониторинг қилиши, ҳисобот ва ҳужжатларни ягона базадан қийинчиликсиз қабул қилиши ва статистик тадқиқотларни олиб бориши мумкин.
Ваканциялар ҳақида ягона база
Халқ таълими тизимида фаолият олиб боришни хоҳлаган тегишли мутахассисликка эга кадрлар ish.uzedu.uz тизими орқали бўш иш ўринлари ҳақида маълумот олишлари мумкин. Ўз ҳужжатларини ҳам онлайн тарзда тақдим эта олишади. Бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотларнинг жамоатчиликка очиқ эълон қилиниши номзодлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратиб, иш берувчиларга энг муносиб мутахассисни танлаш имконини беради.
Муаммолар бўйича оператив мурожаат ва ечим
Халқ таълими тизимидаги муамммолар, эътирозлар, таклифлар ва мурожаатларни қабул қилиб, ўрганувчи «Устоз овози» интерактив хизмати ижтимоий тармоқларда йўлга қўйилди. Фуқаролар улар орқали умумтаълим тизими ҳақидаги фикр ва мурожаатларини қолдиришлари мумкин. Шунингдек, телеграмда USTOZOVOZI боти ҳам мурожаатларни оператив ўрганишга хизмат қилади.
Ўқувчиларнинг ўзлаштириш кўрсаткичлари баҳоланади
Умумтаълим мактаблар ўқувчиларининг барча фанлар бўйича ўзлаштириш даражасини кўрсатувчи ва қиёсий таҳлил қилиш имконини берувчи Intellekt.uzedu.uz портали яратилди. Унда ўқувчиларнинг фанлар бўйича ютуқлари ва камчиликларини таҳлил қилиш ва қайси йўналишларда кўпроқ ишлаш кераклигини аниқлаб олиш мумкин бўлади.
Мазкур лойиҳаларнинг барчаси Ўзбекистонда фундаментал таълим тизимини халқаро стандартлар даражасига олиб чиқиш, мактабларни шунчаки қўлида шаҳодатнома тутган шахсларни чиқарувчи конвейер эмас, балки ҳақиқий билимли кадрларни тайёрловчи масканга айлантиришни назарда тутади. Бу лойиҳаларнинг ишлаши эса ҳудудлардаги интернет таъминоти билан боғлиқ. Бунинг учун 2019 йилда 3772та, 2020 йилда 6120та, 2021 йилда 488та мактабни юқори тезликдаги интернет тармоғига улаш режалаштирилган. Шунингдек, юқоридаги лойиҳа ва дастурларни амалиётга жорий қилиш орқали 2030 йилда Ўзбекитонни халқаро PISA (The Programm for International Student Assessment) ─ халқаро миқёсда ўқувчиларни баҳолаш дастури рейтинги бўйича жаҳоннинг энг илғор 30 давлати қаторига киритиш мақсад қилинган.
Мавзуга оид
07:22 / 12.09.2022
ИИББ 142-мактабда ўқувчилар текширилгани бўйича изоҳ берди
16:39 / 08.09.2022
Навоийда эҳтиёжмандларга ажратилган ёрдам пуллари “туя” қилиняпти
18:48 / 15.10.2021
Икки кунлик рейдда мактаб ўқувчиларидан 338 нафари бозорларда ишлаётгани аниқланди
11:36 / 14.10.2021