21:56 / 09.09.2019
0
20824

“GTA бандаси” аъзоларига чиқарилган умрбод қамоқ жазоси ҳукмлари ўз кучида қолди

Фото: Сергей Фадеичев/ТАСС

Россия олий суди “GTA бандаси”нинг 5 аъзосига чиқарилган жазо ҳукмларини тасдиқлади. Жумладан, жиноий тўданинг 4 аъзосига Москва областида ҳайдовчиларга ҳужум қилиш ва қотилликлар учун умрбод қамоқ жазоси тайинланганди. Суд барча апелляцияларни рад этиб, жиноятчиларга нисбатан аввалроқ чиқарилган жазо ҳукмларини юмшатиш учун сабаб топмаган. Бу ҳақда “Интерфакс” ахборот агентлиги хабар берди. 

2018 йил августда тўда аъзолари – Шержон Қодиров, Анвар Улуғмуродов, Умар Ҳасанов, Ҳазратхон Додохонов алоҳида тартибдаги колонияда умрбод қамоқ жазосини ўташга, Зафаржон Ғуломов эса қатъий тартибдаги колонияда 20 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди. Бундай ҳукмларни Москва вилояти суди чиқарган. У айбланувчиларни қотиллик, бандитизм, қуролни ноқонуний айлантириш, босқинчилик, шахсий ҳужжатларни ўғирлаш ва суиқасд қилиш моддалари бўйича айбдор деб топганди. Судда айбланувчилар ижтимоий хавфли шахслар экани ва инсонлар ҳаётига бефарқлик билан муносабатда бўлганлари таъкидлаб ўтилган. 

Энди ушбу қарор кучга киради.

2019 йил июлда суд Ҳазратхон Додохоновга 2017 йил 1 августда суд биносида соқчиларга ҳужум қилгани учун яна 20 йиллик қамоқ жазоси тайинлаган. Ўшанда судланувчилар қочишга уринишган. Тергов хулосасига кўра, судланувчилар Додохонов, Ходик Субхонов, Фазлитдин Ҳасанов, Мирзомавлон Мирзошарипов ва Абдумуқим Мамадчонов икки соқчига ҳужум қилиб, улардан қуролни тортиб олган. Сўнгра бошқа соқчиларни ўққа тутиб, қочишга уринишган. Юз берган отишма оқибатида 3 судланувчи воқеа жойида, яна бири шифохонада бир неча кундан кейин ўлган, Додохонов тирик қолган.

“GTA бандаси” аъзолари 2012-2014 йиллар давомида Москва области йўлларида ҳайдовчиларга ҳужум қилишган. Улар ҳайдовчиларни йўлнинг кимсасиз жойида тўхташга мажбур қилиб, сўнгра ўлдиришган ва уларга тегишли буюмларни ўғирлаб кетишган. Тергов версиясига кўра, тўда таркибида камида 15 марказий осиёлик бўлган ва улар камида 15 та босқинчиликни, 17 та қотилликни амалга оширишган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top