Ўзбекистон | 12:31 / 10.09.2019
8444
2 дақиқада ўқилади

«Фориш» полигонида Ўзбeкистон ва Ҳиндистон махсус операция кучлари ҳамкорлигида сeминар трeнинг бошланди

Жиззах вилоятидаги “Фориш” полигонида  Ҳиндистон ва Ўзбeкистон махсус операция кучлари ҳамкорлигида сeминар трeнинг ўтказилмоқда. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.

Икки давлат махсус операция кучлари мутахассислари иштирокида ўтказилаётган семинар тренингда дастлаб дунё ва минтақада кечаётган ҳарбий можаролар, турли террористик гуруҳларнинг олиб бораётган хатти-ҳаракатлари таҳлили, уларга қарши кўрилаётган чоралар, жанг олиб боришнинг замонавий усул ва услублари хусусида ўзаро фикр алмашилди.

Шунингдек, Ҳиндистон ҳарбий хизматчилари ўз мамлакатидаги Қуролли Кучларнинг тузилиши, қўшин турлари, жумладан, терроризмга қарши олиб борилаётган дастурий ҳаракатлар ҳамда ушбу семинарга тайёрлаб келинган ўзларининг дастурлари билан таништирди. 

Шу куни семинар тренинг иштирокчилари “Фориш” тоғ дала-ўқув майдонида амалий машғулотларни олиб бориш бўйича ҳам тажриба алмашдилар. Хусусан, шаҳар ва тоғли ҳудудларда террористик гуруҳларни йўқ қилишда жанг олиб боришнинг ўзига хос кўринишлари намойиш этилди.

Машқларда кескин вазиятларда гуруҳ шахсий таркибининг тўғри қарор қабул қилиш, душманни яксон этишнинг энг самарали усулларини қўллаш, олиб борилаётган операцияларни имкон қадар беталафот олиб боришнинг усуллари ўз аксини топди.

Мавзуга оид