Жамият | 12:48 / 10.09.2019
33136
3 дақиқада ўқилади

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ангрендаги ЙТҲда жабрланганларнинг ҳолати ҳақида маълумот берди

Бугун, 10 сентябрь куни соат 04:00ларда Тошкент вилояти Ангрен шаҳри ҳудудидаги автомобиль йўли ва темир йўл кесишмасида автотранспорт воситалари ҳамда юк ташиш поезди тўқнашиши оқибатида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлди.

«Тошкент-Водий» йўналиши бўйича ҳаракатланиб кетаётган «САМС» русумли юк машинаси юк вагонларни тортиб кетаётган поезднинг 8-вагонига урилган. Натижада вагонларнинг 2таси изидан чиқиб кетиб, қарама-қарши йўналишда турган «Дамас» русумли автомобилни босиб қолган.

«Дамас» автомобилида бўлган 5 нафар йўловчидан 2 нафари Н.А. ва А.Х. воқеа жойида вафот этган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар беришича, «Дамас»нинг жароҳат олган 3 нафар йўловчиси ҳамда «САМС» русумли автотранспорт воситаси ҳайдовчиси Ангрен шаҳар тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлимига олиб келинган ҳамда зудлик билан тиббий текширувлардан ўтказилиб, бирламчи тиббий ёрдам кўрсатилган.

22 ёшли Ф.Ю. «Бош мия ёпиқ жароҳати, мия чайқалиши, юз юмшоқ тўқима жароҳати ҳамда кўкрак қафаси юмшоқ тўқима жароҳати», 24 ёшли А. Н. «Бош мия ёпиқ жароҳати, мия чайқалиши, юз юмшоқ тўқима жароҳати, кўкрак қафаси юмшоқ тўқима жароҳати», 30 ёшли А.Н. «Бош мия ёпиқ жароҳати, мия чайқалиши, чап кўз юмшоқ тўқима жароҳати, ўнг тизза ёпиқ жароҳати. Ўнг оёқ учинчи бармоқнинг чиқиши, кўкрак қафаси юмшоқ тўқима жароҳати», 51 ёшли Х.М.эса «Бош мия ёпиқ жароҳати, мия чайқалиши, пастки жағнинг ёпиқ синиши, юзнинг ўнг соҳаси ва пешона соҳасининг лат ейиши, юқори лаб лат ейиши ва йиртилиши» ташхислари билан Ангрен шаҳартиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлимида даво муолажалари оляпти. 

«Уларнинг аҳволи Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан доимий назоратга олинган. Вазирлик томонидан сафарбар қилинган малакали мутахассислар жараҳатланганлар ҳаёти учун курашмоқда. Содир бўлган ЙТҲ юзасидан дастлабки терговолди текширув ишлари олиб борилаётгани маълум қилинган», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг телеграмдаги хабарида.

Бундан аввалроқ Ангрен шаҳри ҳудудида, А-373 М-39 «Гулистон—Бўка—Ангрен—Қўқон—Андижон орқали—Ўш» автомобиль йўли 173-километрида юк поезди иштирокида йирик йўл-транспорт ҳодисаси юз бергани ҳақида хабар берилганди.

ЙТҲ оқибатида «Тошкент—Фарғона» йўли ёпилган. «Xabar.uz»нинг ёзишича, ЙТҲ юз бергач, воқеа жойига етиб келган йўл-патрул хизмати ходимлари автомобилларни Нуробод, Илғор, Қўшсой қишлоқларидан ўтадиган айланма йўлга йўналтиришни бошлаган.

Мавзуга оид