Ўзбекистон | 19:14 / 11.09.2019
53283
4 дақиқада ўқилади

«Жуда кўп электр энергияси истеъмол қиляпмиз» – Энергетика вазирлиги тизимидаги жамият бош бошқармаси бошлиғи

Абдурашид Мирзаев / Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Бугун, 11 сентябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги тизимида фаолият юритувчи «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти ҳамда «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Иқтисодиёт ва молия бошқармаси бошлиғи Абдуҳамид Жўраев берган маълумотларга кўра, жамият 2019 йилда Ўзбекистон миллий электр тармоқлари бўйича жами 51,6 млрд. кВт. соат электр энергиясини транспортировка қилиш мажбуриятини (иш ҳажмини) олган, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 104,2 фоизни ташкил этиши режалаштирилган. 2019 йилнинг январь-август ойларида жами 32,9 млрд. кВт. соат электр энергияси транспортировка қилинди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 100,4 фоизни ташкил этади.

Шу ўринда Энергия ресурслари ва энергия ишлаб чиқариш хом ашёлари нархлари ҳам эълон қилинди:

  • 1 тонна мазут — 2 млн 800 минг сўм;
  • 1000 м3 табиий газ — 660 минг сўм;
  • 1 тонна кўмир (Ангрен) — 288,8 минг сўм;
  • 1 тонна кўмир (импорт) — 328,5 минг сўм;
  • 1000 м3 ер ости газ — 92,9 минг сўм;
  • 1 кВт.с электр энергия (юридик истеъмолчилар учун) — 450 сўм;
  • 1 кВт.с электр энергия (аҳолига) — 295 сўм;
  • 1 Гкалл иссиқлик энергияси — 162,6 минг сўм.

Тадбирда янги жорий қилинган ва қилинаётган электр ҳисоблагичлар, хусусан уларнинг ортиқча ҳисоблашига оид хабарларга ҳам батафсил шарҳлар берилди. Ақлли ҳисоблагичлар ҳар қандай кичик мослама (жумладан, телефон қувватлагич) сарфини ҳам ҳисоблаши эслатиб ўтилди.

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Шунингдек, истеъмол маданиятига алоҳида тўхталиб ўтилди. Энергетика вазирлиги тизимидаги жамият бош бошқармаси бошлиғи Абдурашид Мирзаев аҳоли жуда кўп электр энергияси сарфлаётганини қайд этди.

«Мен бир қўшимча қилмоқчиман. Одамларда тежаш деган нарса йўқ. Истеъмолчи ўзи билиши керак қанча ишлатишини. Хоҳлаган нарсасини улаб олаверса, кабел кўтармай куйиб кетса. Бунинг зарари бозоргаям тушади, янги трансформатор ўрнатиши керак бўлган ташкилотга ҳам...

Бутун дунёдаги энг ривожланган давлатлардан ҳам кўпроқ электр энергияси истеъмол қиларканмиз. Жуда кўп истеъмол қиламиз. Нафақат аҳоли, ташкилотлар ҳам.

Шу туфайли тежамкорлик маданиятини шакллантиришимиз керак. Бунинг учун оммавий ахборот воситалари роли муҳим», дея Мирзаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мутасаддидан айнан қайси давлатлар билан солиштирилгани ва бунинг аниқ рақамлардаги ифодаси ҳақида сўралганида аниқ рақамлар келтирилмаган.

«Электр энергияси шундай маҳсулотки, уни сақлаб бўлмайди. Ишлаб чиқарилдими, у қаердадир ишлатилиши керак. Биз тежамкорликни ўргансак, икки томонлама фойда, биринчидан – электр энергияси етиб бормаётган ҳудудлар яхшироқ таъминланади, иккинчидан – ишлаб чиқариш ҳажми меъёрига келса, бизнинг табиий бойликларимиз тежалади. Ишлаб чиқарилган электр энергиясини сақлаб бўлмайди, аммо тежамкорлик орқали электр энергияси ишлаб чиқариш учун ишлатилувчи табиий газни сақлаб қолиш ва келгуси авлодга етказиш мумкин», деган вазирлик вакили.

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ мутахассиси Дилшод Юсуфалиев бу масалада қўшимча қилди.

«Энди бошқа давлатлар билан солиштирилувчи аниқ рақамларга келсак, бундай маълумотларни айни пайтда келтира олмаймиз. Аммо шуниси аниқки, электр энергияси бизда қўшни давлатларга нисбатан арзон. Бу борадаги президент қарорида мазкур масала алоҳида ва батафсил кўрсатиб ўтилган», деган у.

Эслатиб ўтамиз, журналистлар билан 10 сентябрь куни бўлиб ўтган очиқ мулоқотда Фермерлар кенгаши раиси Актам Хайитов ўзбекистонликлар жуда кўп гўшт истеъмол қилаётганини, бу эса ўз навбатида гўшт нархининг ошишига сабаблардан бири эканини таъкидлаган эди.

Мавзуга оид