Ўзбекистон | 11:40 / 12.09.2019
5623
5 дақиқада ўқилади

Экспорт қилувчи ташкилотларга молиявий ёрдам кўрсатиш тартиби тасдиқланди

Фото: 123RF

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан экспорт қилувчи ташкилотларга молиявий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.

Низомга кўра, экспорт қилувчи ташкилотларга молиявий ёрдам қуйидагилар билан боғлиқ харажатларни қоплаш тартибида кўрсатилади:

шартномага мувофиқ халқаро стандартлаштириш ва сертификатлаштириш тизимларни жорий этиш;

шартномага мувофиқ тақдимотлар ва реклама компанияларини, шу жумладан миллий маҳсулотлар ва брендларни салоҳиятли савдо бозорларига олиб чиқиш учун ўтказиш;

шартномага мувофиқ халқаро тендер ва танловларда иштирок этиш;

шартномага мувофиқ хорижий ваколатли органларда миллий маҳсулотларни рўйхатдан ўтказиш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудларида бизнес-семинарлар, тренинглар, савдо миссиялари ва бизнес-форумларда иштирок этиш харажатларини қоплаш;

хорижий мамлакатларда бизнес-семинарлар, тренинглар, савдо миссиялари ва бизнес-форумларда иштирок этиш харажатларини қоплаш;

кўргазма-ярмарка тадбирларида иштирок этиш харажатларини қоплаш.

Хорижий мамлакатларда ўтказиладиган бизнес-семинарлар, тренинглар, савдо миссиялари ва бизнес-форумларда иштирок учун кўрсатиладиган молиявий ёрдам экспорт қилувчи ташкилотнинг бир нафар вакили ҳисобга олинган ҳолда қоплаб берилади.

Молиявий ёрдам олиш учун экспорт қилувчи ташкилот томонидан Агентликка молиявий ёрдам тўғрисида ариза ва тўлдирилган анкета-талабномани қуйидаги ҳужжатлар билан биргаликда тақдим этилади:

экспорт қилувчи ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланган ўтган ва жорий молиявий йилдаги харажатларни тасдиқловчи ҳужжатлар, шу жумладан молиявий ёрдам бериш мақсадларига мос келадиган шартномалар (битимлар), тўлов ҳужжатлари ва (ёки) бажарилган ишлар далолатномаси нусхалари;

хорижий мамлакатлардаги кўргазма-ярмаркалар, бизнес-семинарлар, тренинглар, савдо миссиялари ва бизнес-форумларда ҳақиқатда қатнашганликни тасдиқловчи кафолат хати;

экспорт қилувчи ташкилотнинг солиқлар бўйича қарздорлиги йўқлиги тўғрисида маълумотнома;

муддати ўтган кредиторлик ва дебиторлик қарздорлиги йўқлиги тўғрисида маълумотнома;

ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар бўйича тақдимот материаллари, брошюралар ва буклетлар намуналари (кўргазма ёки ярмаркада иштирок этганда);

товарлар, ишларни (хизматларни) етказиб берувчиларнинг рақобат варақаси (анъанавий миллий маҳсулотлар ва брендларни салоҳиятли бозорларга олиб чиқиш учун тақдимотлар ва реклама кампаниялари ўтказишда).

Қайта ташкил этиш, банкротлик ва (ёки) тугатиш босқичидаги экспорт қилувчи ташкилотларнинг аризалари кўриб чиқиш учун қабул қилинмайди.

Ташқи бозорларда маҳсулотларни сертификатлаш (стандартлаштириш), шунингдек, ишлаб чиқариш ҳажмларининг ўрта муддатли ҳисоб-китоб қилинган кўрсаткичларини ўз ичига олган лойиҳанинг бизнес режаси, маҳсулотни экспортга етказиб бериш муддатлари ҳамда ҳажмлари тўғрисидаги ахборотни ўз ичига олган режа-жадвалини тайёрлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун молиявий ёрдам ҳақида ариза берган экспорт қилувчи ташкилот кўрсатилган ҳужжатлар билан биргаликда қуйидагиларни ҳам тақдим этади:

баҳолаш тўғрисидаги ҳужжатларни берадиган аккредитацияланган синов лабораториялари ва (ёки) сертификатлаш ташкилотлари билан мувофиқликни баҳолаш билан боғлиқ бажарилган ишлар (хизматлар) ҳақида экспорт қилувчи ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланган контракт нусхаси;

маҳаллий (хорижий) аккредитацияланган синов лабораториялари (марказлари) ва (ёки) сертификатлаш ташкилотлари томонидан, зарур ҳолларда, нотариал тасдиқланган ўзбек ёки рус тилидаги таржимаси билан юқори технологияли маҳсулотларнинг ташқи бозорларда муваффақиятли мослашганлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхалари.

Экспорт қилувчи ташкилотдан назарда тутилмаган ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилишга йўл қўйилмайди.

Агентлик томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудларида ва хорижий мамлакатларда ташкил этилган бизнес-семинарлар, тренинглар, савдо миссиялари ва бизнес-форумларда иштирок этиш учун кўрсатиладиган молиявий ёрдам Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тасдиқланган смета асосида кўрсатилади.

Экспорт қилувчи ташкилот томонидан ариза ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар Агентликка бевосита, почта орқали ёки электрон шаклда, шу жумладан Ташқи иқтисодий маълумотлар портали орқали тақдим этилади.

Бевосита тақдим қилинган ариза ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар рўйхат бўйича қабул қилинади, унинг нусхаси дарҳол ҳужжатлар қабул қилинган сана белгиси билан экспорт қилувчи ташкилотга берилади.

Тақдим этилган ҳужжатларнинг ишончлилиги учун жавобгарлик экспорт қилувчи ташкилот зиммасига юкланади.

Мавзуга оид