Спорт | 11:30 / 15.09.2019
6823
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик курашчилар жаҳон чемпионлиги ва Олимпиада йўлланмаси учун гиламга чиқади

Арам Варданян / фото муаллифи Анвар Ильясов

Бугун, 15 сентябрь куни Қозоғистоннинг Нур-Султан шаҳрида спорт курашлари бўйича жаҳон чемпионатининг иккинчи кун беллашувлари бўлиб ўтади. Ушбу кун доирасида юнон-рим кураши бўйича -67, -87 ва -97 килограмм вазн тоифасида саралаш баҳслари бўлиб ўтади.

Ушбу вазнлар Олимпия ўйинлари дастурига киритилган ва унда Ўзбекистон терма жамаоси вакиллари ҳам ЖЧ финали ва Токио-2020 йўлланмаси учун кураш олиб боришади. Ўзбекистонлик спортчилар мусобақани қуйидаги рақибларга қарши бошлашади:

-67 кг: Мирзобек Раҳматов – Фрэнк Штеблер (Германия)
-87 кг: Рустам Ассакалов – Алвис Хименес (Панама)
-97 кг: Жаҳонгир Турдиев – Муса Евлоев (Россия)

Шунингдек, кечки дастурда Арам Варданян -72 кг (Олимпиадага киритилмаган) вазн тоифасида жаҳон чемпионлиги учун россиялик Абузаид Манциговга қарши курашса, бронза медали учун баҳсда Нурбек Ҳошимбековнинг (-82 кг) рақиби ўтиш беллашувларидан сўнг маълум бўлади.

Саралашда Арам Варданян аввалига Руслан Аҳамалйиени (Беларусь) 9:1, 1/8 финалда Ҳу Жунг Жангни (Хитой) 8:0 ҳисобида енгиб чорак финал йўлланмасини қўлга киритганди. Чорак финалда у германиялик Феликс Видмаердан, ярим финалда эса болгариялик Аик Мнатсаняндан устун келди.

Нурбек Ҳошимбеков эса аввалига 1/8 финалда Санг Ҳёк Паркни (Жанубий Корея) 3:2 ҳисобида енгган бўлса, чорак финалда норвегиялик Ражбек Бисултановни муддатидан олдин мағлуб этишнинг уддасидан чиқди. Яримфиналда грузиялик Лаша Гобадзега 1:3 ҳисобида ютқазди.

-55 кг вазн тоифасида Илҳом Баҳромов, -63 кг вазн тоифасида эса Исломжон Баҳромов чорак финалда имкониятни бой бериб қўйишди.

Маълумот учун, 14 сентябрь куни ўтказилган вазн тоифалари Токио-2020 Олимпиадасида амал қилмайди.

Финал:
-72 кг: Арам Варданян – Абузаид Манцигов (Россия)

Бронза медали учун:
-82 кг: Нурбек Ҳошимбеков – кун давомида аниқланади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид