Жамият | 18:08 / 17.09.2019
6107
2 дақиқада ўқилади

Навоийда алимент тўламай келган ота ярим йилга қамалди

Зарафшонда яшовчи, айни пайтда учинчи рафиқаси билан никоҳда яшаётган 33 ёшли Б.А. аввалги икки турмушидаги икки фарзанди учун тўлаши лозим бўлган 10 миллион сўмдан зиёд алимент пулини вақтида тўламагани учун 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Kun.uz мухбирининг Зарафшон шаҳар прокурори катта ёрдамчиси Ҳасан Даминовга асосланиб хабар беришича, ушбу фуқаро 2018 йил кузида ҳам 6 млн сўмдан кўпроқ алимент қарзи туфайли 15 суткага қамалган эди.

Суд ҳужжатларига кўра, Б.А. ушбу маъмурий қамоқ жазосидан тегишли хулоса чиқармай, собиқ хотини С.К.га 6 ёшли қизи учун тўлаши белгиланган 7,6 млн сўм, бошқа бир собиқ хотини Г.А.га бир яшар ўғли учун тўлаши зарур бўлган деярли 3,3 млн сўм алимент пулини тўламаган.

Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар суди мажлисида судланувчи ўз айбига иқрор бўлгани, қилмишини тушуниб етгани, муқаддам судланмагани, жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар аниқланмагани ва унинг оилавий шароити (судланувчи – вақтинчалик ишсиз) ҳисобга олиниб, 6 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Суд залида қамоққа олинган ота жазони манзил колонияда ўташи баробарида ундан вояга етмаган икки фарзанди учун тўланмай қолган жами 10 млн 900 минг сўм миқдоридаги алимент пуллари ҳам ундирилади.

1986 йилда туғилган судланувчининг ҳозирги – учинчи оиласидан ҳам бир нафар фарзанди бор.

Маълумот учун, Ўзбекистон қонунчилигида вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш максимал 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум этиш билан жазоланиши мумкинлиги белгиланган.

Мавзуга оид