Жамият | 07:28 / 19.09.2019
3162
3 дақиқада ўқилади

Адлия вазири бошчилигидаги ишчи гуруҳ Андижондаги сайёр қабулда 150 дан ортиқ тадбиркорнинг мурожаатини ўрганди

Фото: Адлия вазирлиги матбуот хизмати

Президентининг «Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ташкил этилди.

Президент фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, жойларда тадбиркорлик фаолияти субъектлари билан учрашувлар ташкил этиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларнинг қонуний ечимини топиш мақсадида Адлия вазирлиги раҳбарияти томонидан жорий йилнинг 18 сентябрь куни Андижон вилоятида тадбиркорлик фаолияти субъектлари билан учрашув ўтказилди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими Kun.uz’га маълум қилди.

Дастлаб Русланбек Давлетов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида бўлиб, тумандаги тадбиркорлик субъектлари билан учрашув ўтказилди. Учрашувда республика Савдо-саноат палатаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Солиқ қўмитаси, Сув хўжалиги вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси каби қатор ташкилот вакиллари ҳам иштирок этишди.

Учрашув давомида нафақат Хўжаобод туманидаги ишбилармонлар, балки Андижон, Асака, Балиқчи, Избоскан, Олтинкўл ва Пахтаобод туманлари ҳамда Андижон шаҳрида фаолият олиб бораётган тадбиркорлардан жами 150дан ошиқ мурожаатлар қабул қилинди. Уларнинг аксарияти банк ва муҳандислик-коммуникация соҳасига, ер ажратиш, тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги мулкий низоларга, ҳокимият ҳаракатсизлигига тўғри келади.

Сайёр учрашувлар натижасиз бўлмади. Масалан «Ҳожиакбар нурли келажаги» МЧЖ раҳбари Ж.Раҳматовнинг 2 млрд 600 млн сўмлик лойиҳа асосида шағални қайта ишлашни ташкил этиш учун ер майдони ажратиб бериш ҳақидаги мурожаати қонуний ҳал этилди. Тадбиркорга туман захирасидан 1 гектар ер майдони ажратиб бериладиган бўлди.

Хонобод шаҳрида фаолият олиб бораётган «Ленс текстил» МЧЖ бош мутахассиси С.Мухторовнинг мурожаати бўйича унга 1 млн АҚШ доллари миқдоридаги дастгоҳлар сотиб олиш кредит ажратиб берилиши белгиланди.

Марҳамат туманида оилавий тадбиркорлик билан шуғулланувчи М.Маматовнинг мурожаати бўйича унга бўш турган бино-иншоотлар ноль баланс қийматида ажратиб бериладиган бўлди.

Адлия вазири Р.Давлетов, шунингдек, Хўжаобод туманидаги лойиҳа қиймати 2.7 млрд сўмни ташкил этувчи замонавий Давлат хизматлари марказининг қурилиш жараёнлари билан ҳам яқиндан танишди.

Адлия вазирлиги раҳбарияти 19 сентябрь куни Наманган вилоятида тадбиркорлик субъектлари учун сайёр тартибда қабул ўтказади.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид