Тарифлар ошишини тўхтатиб қололмаймиз, аммо квитанцияларда қайд этиладиган рақамларни камайтириш қўлимиздан келади. Коммунал хизматларга камроқ пул сарфлашнинг бир неча чоралари билан таништириб ўтамиз.

1. Термоизоляция тизимларини текширинг

Ҳозирги кунда аксарият хонадонларда эски ёғоч деразалар ўрнини пластик ромлар эгалламоқда. Улар ишончлироқ, аммо вақт ўтиши билан монтаж ишларида фойдаланилган кўпик қурийди, резина-зичлагичлар дағаллашади. Деразадан шамол кирмаётганига аминмисиз? Жавоб қониқарсиз бўлса, тирқичларни беркитинг, акс ҳолда қишда кўчани иситасиз. Шунингдек, кириш эшиклари термоизоляциясини ҳам кўздан кечиринг.

2. Хона ҳароратини назорат қилинг

Ушбу тавсия мустақил иситиш тизимига эга хонадонлар учун амал қилади. 

Ишга кетишдан ёки кичик сафар олдидан радиаторларни пасайтиринг. Бўш хоналарни иситишдан нима фойда? Қайтишингиз билан батарея вентилини буриб хонани қулай ҳароратгача иситиб оласиз. Таймерли термостат ёрдамида иссиқликни назорат қилиш энг қулайидир.

Уй исиб кетса, деразани очиш ўрнига батарея ҳароратини пасайтириш мақбулроқ иш.

3. Чўғланма лампалар ўрнини LED эгалласин

Бу маблағ талаб қилади, аммо чиқимни оқлайди. LED туридаги чироқлар оддий лампаларга нисбатан 8-10 баробар кам энергия сарф қилади.

4. Чиқаётганда чироқларни ўчиринг

Сийқаси чиққан тавсия, аммо биз бу қоидани тез-тез бузиб турамиз. Буни болаларга ўргатиш айниқса муҳим. Уйда бўлмаган вақтингизда ҳамма хонани ёритишмасин.

5. Ҳаракат датчикларини ўрнатинг

Бу қурилмалар нафақат кўп қаватли уйлар йўлаклари учун қулай, балки ҳовлилардаги террас (пешайвон) ва чердак, йўлаклар, балкон, омборча ва бошқа кам ташриф буюрилувчи ва чироғи кўп ёниқ қолувчи жойлар учун ҳам фойдали.

6. Маиший техникадаги қувват тежаш самарадорлигини текширинг

Замонавий маиший техника воситалари қувват унумдорлиги синфларига бўлинади.