Жамият | 20:54 / 08.04.2020
44456
2 дақиқада ўқилади

Коммунал тўловларни Telegram орқали тўлаш имконияти яратилди

Энди фуқаролар коммунал тўловларни уйда тўлай олиши, ҳисоблагич кўрсатгичларининг фотосуратини бот орқали юбориши мумкин.

Фото: Pinterest

Карантин даврида аксарият фуқаролар уйларида бўлишлари энергия ресурсларига эҳтиёжни орттиради. Тўловларнинг ўз вақтида амалга оширилмаслиги эса қарздорлик кўпайишига олиб келади.

Шундан келиб чиқиб, Мажбурий ижро бюроси коммунал хизматлар ва қаттиқ маиший чиқиндилар учун тўловларни амалга ошириш учун Telegram мессенжерида @mibuzbot ботини яратди.

Мессенжерда @mibuzbot ботини «Старт» тугмаси орқали ишга тушириб, кейин мобиль телефон рақамни улаш талаб этилади.

Кейин коммунал хизмат тури, вилоят, туман (шаҳар)ни танланиб, коммунал хизмат тури бўйича шахсий ҳисоб рақам киритилади.

Бот абонентнинг ҳисоб-китоб маълумотларини кўрсатгач, фойдаланувчи ҳисоблагич фотосуратини юбориш, тўловларни кузатиб бориш ва қарздорликни тўлаш имкониятига эга бўлади.

Тўловни амалга оширишда, бот орқали электрон тўлов тизимларига кириб, пластик карточка рақами, унинг муддати, унга боғланган телефон рақами ва тўлов суммаси киритилгандан сўнг, SMS орқали келган ҳимоя кодини тасдиқлаш кифоя.

Шу заҳоти тўлов амалга оширилгани маълум қилинади.

Маълумот учун, бундай қулайликлар Мажбурий ижро бюросининг расмий сайтида ҳам (www.mib.uz) яратилган.

Мавзуга оид