Иқтисодиёт | 17:37 / 27.03.2020
10026
3 дақиқада ўқилади

Карантин даврида коммунал тўловларни тўлаш қарийб 2 бараварга камайди – вазирлик

Бугунги кунда ичимлик ва оқова сув учун истеъмолчилардан тушадиган тушум даражаси карантин даврига қадар бир кунлик ўртача тушум 4,7 млрд. сўмни ташкил этган бўлса, 26 март куни 2,9 млрд сўмни ташкил этмоқда. Бу салкам 2 бараварга камайишни кўрсатяпти.

Бугун, 27 март куни, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги махсус штабида ташкил этилган брифингда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Вазирлик ахборот хизмати раҳбари Алипоша Ахмедов карантин даврида аҳолининг коммунал тўловларни амалга ошириш даражаси пасайганини маълум қилди.

«Ичимлик, оқова, иссиқ сув таъминоти корхоналари томонидан кўрсатилаётган хизматларга карантин даврида кечиктирилган тўловлар учун жарималар ва пенялар жорий этилмаслиги ҳамда қарздор истеъмолчилар бўйича судларга даъво аризалари киритилмаслиги, истеъмолчилар ичимлик сув ва канализация ҳамда иссиқ сув тармоқларидан узилмаслиги бу коммунал хизматлар учун тўловларни амалга оширмаслик керак экан, дегани эмас.

Айни кунларда сув таъминоти корхоналари бир куну-тун давомида аҳолига 3,7 млн.м3 сув етказиб берилмоқда ҳамда 2,4 млн.м3 оқова сувлар чиқариб ташланмоқда. Аҳолига узлуксиз ва сифатли ичимлик сув етказиб бериш учун бир кунда 2,1 млн.кВт электр энергияси сарф қилинади. Ичимлик сувини зарарсизлантириш учун бир кунда 2 тонна хлор, 1,8 тонна гипохлорид ва 4,5 тонна коагулянтлар сарф қилинади.

Шунингдек, 10 тоннадан ортиқ ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари ишлатилади. Бундан ташқари, ҳар куни юзага келаётган аварияларни бартараф қилишга ҳам муайян харажатлар талаб этилади.

Шу сабабдан, тўловларни ўз вақтида амалга оширмаслик қарздорликнинг кескин ошиши ва таъминловчи корхоналарнинг молиявий-иқтисодий ҳолати заифлашишига олиб келиши мумкин, бу эса аҳолига узлуксиз ичимлик суви етказиб берилишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Мисол учун, бугунги кунда ичимлик ва оқова сув учун истеъмолчилардан тушадиган тушум даражаси карантин даврига қадар бир кунлик ўртача тушум 4,7 млрд. сўмни ташкил этган бўлса, 26 март куни 2,9 млрд сўмни ташкил этмоқда. Бу салкам 2 бараварга камайишни кўрсатяпти.

Фуқаролар учун вазирлик расмий www.mjko.uz веб-сайтида ҳамда телеграм тармоғида @mjko_bot_info махсус истеъмолчилар саҳифаси ташкил этилган ва масофадан туриб онлайн режимида тўловларни амалга ошириш имконияти бор», дея ахборот берди Ахмедов.

Мавзуга оид