Наманган шаҳар ҳокими Покистонда муҳим шартномалар имзоламоқда
Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси томонидан ташкил қилинган сафар давомида Наманган шаҳри ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов бошчилигидаги делегация Покистонда бир қанча муҳим келишувларга эришган. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати Kun.uz’га маълум қилди.
Жумладан, Наманган муҳандислик-технология институти ва Покистоннинг Миллий енгил саноат университети ўртасида меморандум имзоланди. Битимга мувофиқ, Наманган шаҳрида текстиль маҳсулотларини сертификатлаш лабораторияси ташкил этилади. Икки ОТМ ўртасида қўшма ўқув дастурлари ишлаб чиқилади, ҳамкорликда илмий-тадқиқот ишлари олиб борилади. Йил охирига қадар Наманганга университет профессор-ўқитувчилари ва мутахассислари делегацияси келиши кўзда тутилмоқда.
«Travel Inn Hotel» компанияси томонидан Наманганда 100 ўринли меҳмонхона қуриш таклифи билдирилди. Бунинг учун компания раҳбарияти Ўзбекистонга келиб, мавжуд шарт-шароитларни ўрганади.
«Marhaba Laboratories LTD» компанияси Ўзбекистонда табиий ўсимликлардан ишлаб чиқарилган дори воситаларини Покистонга экспорт қилиш масаласига қизиқиш билдирди. Компания Наманганда шу йўналишда ўз ишлаб чиқаришини ҳам йўлга қўйишни режалаштирмоқда.
Учрашувлар давомида мезбонларга Наманган шаҳрининг салоҳияти, туризм ва текстиль соҳасидаги имкониятлари таништирилди. «Истиқлол текстиль дизайн» («Идеал» бренди) , «Самира Амир текстиль» ҳамда «Габон текстиль» МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган текстиль маҳсулотлари, тайёр кийим-кечаклар намуналари тарғиб қилинди.
Сафар давомида Наманган шаҳри ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов Панжоб вилояти губернатори Муҳаммад Сарвар ва Лаҳор шаҳри ҳокими Муҳаммад Асиф билан музокаралар олиб борди.
Покистоннинг Neo TV телекомпанияси «Аап Ки Аваз» ток-шоусининг Наманган вилоятига бағишланган махсус сонини эфирга узатди. Унинг аудиторияси 50 миллиондан ортиқ кишини ташкил этгани айтилмоқда.
Мавзуга оид
20:17 / 13.11.2024
Покистонда тўй автобуси дарёга қулаши оқибатида 22 киши ҳалок бўлди
19:27 / 13.11.2024
Покистон ва Ҳиндистонни қоплаган тутун коинотдан кўрина бошлади
22:25 / 12.11.2024
Суд Поп тумани ҳокимининг ўғлини қамоққа қайтарди
21:11 / 11.11.2024