Жамият | 14:35 / 19.09.2019
47929
3 дақиқада ўқилади

Қирқдан ўтган бўлса-да, ҳали бўйдоқ сурхондарёлик ногирон ака-укаларга бошпана ва ёрдам керак

Сурхондарё вилояти Шеробод туманидан тушган мурожаатни ўрганиш учун, туманнинг «Бойбулоқ» маҳалласида бўлдик. Бу ерда ака-ука Рустам ва Панжи Қодирқуловлар жуда абгор аҳволда яшашади.

Таҳририятимизга уларнинг номидан акаси Баҳодир Қодирқулов мурожаат қилди ва укаларига ёрдам акциясини ташкиллаштириб беришимизни сўради.

Ака-укаларнинг отаси Алланазар Қодирқулов 1941 йилда туғилган ва 2003 йилда вафот этган. Уларнинг онаси узоқ 1988 йилда вафот этиб кетган. Оилада 6 ўғил икки қиз вояга етган. Қайд этмоқ жоизки, уларнинг барчаси меҳрибонлик уйида вояга етишган.

Айни пайтда 1973 йилда туғилган Рустам ва 1975 йилда туғилган Панжи Қодирқуловлар отасидан қолган шу чордеворда яшаб келишмоқда. Улар одамларникида кундалик юмушлар билан банд бўлиб, зўрға кун кўришмоқда. Умуман, бу ерда яшаш, ишлаш учун шароит мутлақо йўқ. Отадан қолган эски чордеворни ҳам тобора термит кемириб бормоқда. Бир парча томорқага сув чиқмаганидан янтоқ босиб кетган.

Масалан, Рустам Қодирқулов ҳануз СССРнинг паспорти билан юрибди. Ногиронлиги бор, лекин гуруҳга чиқарилмаяпти. Панжи Қодирқулов ҳам ногирон, у ногиронлик нафақасини олади. Бу икки ака-ука ҳалигача бўйдоқ. Уйланмаган. «Ким ҳам қиз берарди бу ерга?», дейди акаси.

Улар истиқомат қилаётган чолдеворнинг юқорисида қабристон жойлашган ва уй қабристоннинг санитария-муҳофаза зонасида барпо этилган.

Биз масалада Шеробод туман ер ресурслари ва давлат кадастри идорасига мурожаат қилганимизда, уларга пастроқдан уй қуриш учун ва деҳқончилик қилиш учун алоҳида ер ажратиб берилишини маълум қилишди.

Ака-укалар бу ерга анор экиб, рўзғорга сабзавотлар етиштириб, эл қатори даромад қилишлари мумкин. Фақат уларга кичикроқ ва қулайроқ бошпана қуриб бериш керак. Ўзларининг бунга қурби етмайди.

Меҳнатга лаёқатли акаси Баҳодир Қодирқулов Тошкент шаҳрида мардикорчилик қилади. Ўзининг оиласидан ортмайди. Уларнинг энг катта акаси қамоқда жазони ўтамоқда, яна бир акаси вафот этган. Укалари Россияда меҳнат миграциясида. Сингиллар турмуш қуриб, ўзларидан тинчиб кетишган.

Биз Сурхондарё вилояти, Шеробод тумани масъулларини, бутун Ўзбекистон халқини ушбу пароканда бўлиб турган оилага ёрдам қўлини чўзишга чақириб қоламиз. Ака-укаларга ажратиб берилаётган ер участкасида янги иморат барпо этиш керак. Уларга маблағ ва қурилиш материалларидан ёрдам керак.

Бу оилага ёрдам қўлини чўзмоқчи бўлган сахий инсонлар Қодирқуловларнинг акаси — Баҳодир Қодирқулов номига очилган пластик карточкага пул ташлаб беришлари мумкин:

Click/Payme: 8600 0417 2614 0552.

Баҳодир ҚОДИРҚУЛОВ

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ тайёрлади.

Мавзуга оид