Ўзбекистон | 23:17 / 19.09.2019
88935
4 дақиқада ўқилади

Сергели туманида инновацион боғчалар очилди: Шаҳноза Мирзиёеванинг муаллифлик лойиҳасидан репортаж

Тошкентнинг Сергели туманида инновацион типдаги иккита мактабгача таълим ташкилоти очилди.

Қумариқ мавзеси ва 5А даҳасида мазкур боғчаларнинг қурилиши орқали туманнинг мактабгача таълим билан қамраб олиш потенциали 83 фоиздан 89 фоизга етди. Шунингдек, 100 киши учун қўшимча иш ўрни яратилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Сўнгги йилларда Сергели туманининг ривожланиши ва янги қурилаётган уйларга аҳолининг кўчиб кириши натижасида таълим муассасаларига эҳтиёж ортиб бормоқда.

Бирйўла 2та МТТнинг очилиши эса яна 600 нафар бола сифатли мактабгача таълим олиш имкониятига эга бўлишини англатади. Шунингдек, қисқа муддатли гуруҳлар ҳам очилиб, уларда 240 нафар бола қамраб олинади», дея маълумот берди Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин 19 сентябрь куни бўлиб ўтган очилиш маросимида.

Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин

Вазирнинг айтишича, ушбу инновацион МТТлар Корея Республикаси модели негизида Мактабгача таълим вазирлиги бош бошқармаси бошлиғи Шаҳноза Мирзиёева муаллифлигида лойиҳалаштирилган бўлиб, болаларнинг яхши таълим олиши учун барча имкониятни беришга қодир.

«Шарқ менталитетида ота-она телевизор ёки машина сотиб олмаслиги мумкин. Лекин болаларининг – кичик фуқароларнинг бахтли бўлиши учун ҳамма нарсага тайёр бўлади», дейди Агриппина Шин.

Вазир очилиш маросимида иштирок этаётган нуронийларга ҳам мурожаат қилиб, МТТларга меҳмон сифатида эмас, таълим ва тарбияга масъул шахслар сифатида тез-тез келиб туришларини сўради.

Шунингдек, «Нуроний» жамғармаси раиси Шуҳрат Жалилов ўз нутқида 2017 йилда мактабгача таълим ёшидаги 2,5 миллион боланинг 687 минг нафари МТТларга қамраб олингани, 2019 йилда эса қамров 1 миллион 100 нафардан кўпроқни ташкил қилганини таъкидлаб ўтди.

«Нуроний» жамғармаси раиси Шуҳрат Жалилов

«Ҳозирги кунда 34 мингга яқин аҳоли яшаётган бу ҳудудларда бундан 3 йил олдин ҳеч ким яшамаган. Лекин ҳозир аҳоли кўчиб келгани сайин уларнинг эҳтиёжларини қондириш учун янги мактаблар, янги МТТлар қуриб фойдаланишга топшириляпти», дейди Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Даврон Ҳидоятов.

Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Даврон Ҳидоятов

19 сентябрь куни иккала МТТда ҳам вазир Агриппина Шин бошчилигида экскурсия ташкил қилинди.

Қумариқ турар-жой мавзесидаги 42-сонли МТТ тўлиқ кун қувватида 390 нафар бола, қисқа муддатли гуруҳларда 120 нафар болани қамраб олади. 5А даҳасида жойлашган 44-сонли МТТ эса тўлиқ кун гуруҳларида 210 нафар, қисқа муддатли гуруҳларда эса 120 нафар болага мўлжалланган.

Ҳар иккала МТТда ҳам йирик жавонлар ўрнига мобиль модуллар ўрнатилган. Бу майдонни ўзгартириш ва уни турли машғулотларга мослаштириш имконини беради.

Ўйин ва ўқув қуроллари, ҳар битта жиҳоз болалар қўли етадиган қилиб жойлаштирилган, ўйинларнинг аксарияти бармоқларнинг майда моторикасини ривожлантиришга мўлжалланган.

Гуруҳ ва коридорларда нутқ ва ёзиш, билимни ривожлантириш, ижод, қурилиш, конструкциялаш, математика, сюжет ўйинлари, кутубхона каби кўплаб ривожлантириш марказлари жойлашган.

Шунингдек, МТТларда психолог ва логопед хоналари ҳам лойиҳалаштирилган бўлиб, уларда болалар билан индивидуал ва гуруҳ тарзида ишлаш мумкин.

Давлат раҳбарининг 5та ташаббусини амалга ошириш доирасида ҳам мазкур МТТларда болаларни соғломлаштириш ва бадиий машғулотларга жалб этишга алоҳида эътибор қаратилади.

Маълумот учун, ушбу боғчаларга қатнаш учун ойлик тўлов бир нафар болага 186 минг сўмни, 2 нафар бола учун 264 минг сўмни ташкил қилади.

Қонунчиликка мувофиқ, тарбияланувчилар умумий сонининг 15 фоизи МТТга бепул қатновчилардан иборат бўлиши кўзда тутилган бўлиб, бу имтиёз кам таъминланган оилалар фарзандларига тақдим этилади.

Мавзуга оид