Ўзбекистон | 12:41 / 19.09.2019
7147
4 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари тадбиркорлик бўйича таклифлар билан чиқди

Фото: KUN.UZ

18 сентябр куни халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг 58-сессияси бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳрида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Сессияда маъруза қилган Тошкент шаҳар ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Ҳотамжон Шокиров тадбиркорлик ва бизнесни ривожлантириш бўйича бир қатор таклифларни илгари сурди.

Шокировга кўра, жорий йилнинг 1 октябр санасидан бошлаб Тошкент шаҳридаги бўш ерлар электрон аукцион орқали сотила бошлайди. Шаҳар ҳокими ўринбосари аукцион орқали ерни сотиш тартибига ўзгартиришлар киритишни таклиф қилмоқда.

“Мавжуд тартибга кўра, аукционда иштирок этиш учун тадбиркорлар 10 кун давомида рўйхатдан ўтишади, аукцион савдосининг ўзи эса бир кун давом этади. Бундай қисқа муддат ернинг реал қийматини етарли даражада оширишга имкон қолдирмайди. Шунинг учун аукцион давомийлигини 3 кунга чўзиш керак. Аукционга қўйиладиган бўш ерларнинг бошланғич қиймати ер солиғининг бир йиллик миқдори билан белгиланиб келинган. Бошланғич қиймат ернинг алоҳида хусусиятларини инобатга олган ҳолда Тошкент шаҳар ҳокими томонидан белгиланишини йўлга қўйиш лозим. Шунингдек, аукционда сотилган ерлардан тушган маблағ республика бюджетига йўналтирилади. Аммо пойтахтдаги снос-компенсация масаласини ҳал қилиш учун катта миқдордаги маблағлар сарфланмоқда. Шу боис ер сотувидан тушган маблағни шаҳар бюджетига йўналтиришни таклиф қиламан”, ─ дейди Шокиров. 

Ҳокимнинг биринчи ўринбосари норасмий секторда ишлаётган шахсларнинг фаолиятини рўйхатга олиш масаласига тўхталди.

“Ўз-ўзини иш билан банд қилаётган фуқароларни иш билан банд сифатида расман рўйхатдан ўтказиш амалиётини жорий қилишимиз лозим. Статистик маълумотларга кўра, ҳозирда Тошкент шаҳрида 285 минг киши норасмий секторда ишлаяпти, 95 минг нафар киши эса ишсиз сифатида қайд этилган. Уларнинг аксарияти ўз уйида ўзини иш билан банд қилаётган бўлиши мумкин. Масалан, якка тартибда дарс ўтувчи репетиторлар, сантехниклар, ҳунармандлар, энагалар. Муайян бир дастур ишлаб чиққан ҳолда, уларни мобил илова орқали расман рўйхатга олсак, улар расмий мақомга эга бўлади, иш стажи ҳисобланади, кейинчалик пенсия ҳисобланишида ҳам манфаатдор бўлади. Бу мобил иловада улар ўзларининг товар ва хизматларини реклама қилишини ҳам йўлга қўйиш мумкин”, ─ дея таъкидлайди Шокиров.

Шунингдек, ҳоким ўринбосари норасмий киракашлар фаолиятини легаллаштириш борасидаги фикрларини билдириб ўтди. 

“Пойтахтда 50 мингдан ортиқ киракаш норасмий фаолият олиб боради. Уларнинг ишини тақиқлаб қўя олмаймиз, фақат фаолиятини легаллаштириш керак. Аксарият “Яндекс такси” хизмати орқали одам ташияпти. Биринчидан, “Яндекс такси”нинг сервери Ўзбекистонда эмас, маълумотлар хавфсизлиги кафолатланмаган. Иккинчидан, бу илова орқали одам ташиётганларнинг лицензияси бор ёки йўқлиги, саломатлиги қай даражада эканлиги ҳақида маълумот йўқ. Шу боис уларни автокорхоналарга бириктириб, нотариал жиҳатдан ҳужжатларини расмийлаштириб, ҳар куни ишга чиқишидан аввал тиббий кўрикдан ўтиши тизимини ишга тушириш лозим”, ─ дейди Ҳотамжон Шокиров.

Саодат Абдураҳмонова
Тайёрлаган Саодат Абдураҳмонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид