Жаҳон | 11:57 / 20.09.2019
17180
3 дақиқада ўқилади

Қозоғистон, Россия ва Тожикистонга янги автобус қатновлари йўлга қўйилмоқда

Фото: Транспорт вазирлиги ахборот хизмати

Жорий йилнинг 25 сентябрь кунидан қўшни Қозоғистон Республикасининг Хоргос ва Петропавловск шаҳарларига мунтазам автобус қатновлари йўлга қўйилади. Мазкур йўналишларда “Uzautotrans Service” корхонаси замонавий Yutong автобусларида хизмат кўрсатади. 

Транспорт вазирлиги хабарига кўра, “Тошкент-Хоргос” йўналишининг умумий масофаси 1235 км.ни ташкил этади. Қатновлар ҳафтанинг душанба ва пайшанба кунлари амалга оширилади. Автобуслар “Тошкент” автовокзалидан соат 10:00 да йўлга чиқади. Чипта нархи эса 200 000 сўм этиб белгиланган.

“Тошкент-Петропавловск” йўналишида эса қатновлар кун ора амалга оширилади. Автобус “Тошкент” автовокзалидан соат 19:00 да жўнаб кетади. Мазкур қатновнинг йўналиш масофаси 2150 км бўлиб, чипта нархи 337 000 сўмни ташкил этади.

Шунингдек, “Uzautotrans Service” корхонаси 24 сентябрдан эътиборан “Тошкент-Қозон”, “Тошкент-Нур-Султон” ва “Тошкент-Хўжанд” йўналишларида ҳам мунтазам қатновларни амалга оширишни бошлайди.

“Тошкент-Қозон” йўналиши бўйича қатновлар ҳафтанинг сешанба ва жума кунлари амалга оширилади. Автобус соат 11:00 да “Тошкент” автовокзалидан жўнаб кетади. “Тошкент-Қозон” халқаро автобус йўналишининг масофаси 2651 км бўлиб, йўлкира ҳақи 500 000 сўмни ташкил этади. Сафар давомида автобуслар Ўзбекистоннинг “Ғишт кўприк”, Қозоғистон Республикасининг “Жибек Жўли” ва “Жайсан” ҳамда Россия Федерациясининг “Сагарчин” чегара божхона постларидан ўтади.

“Тошкент-Нур-Султон” йўналишида қатновлар кун ора амалга оширилади.1646 км тенг масофани автобуслар 27 соат 30 дақиқада босиб ўтади. Ушбу йўналишда чипта нархи 220 000 сўмни ташкил этади. 

“Тошкент-Хўжанд” йўналишида қатновлар ҳар куни амалга оширилади. Автобуслар “Тошкент” ва “Хўжанд” автовокзаллари ўртасида Нурафшон, Бўка шаҳарлари орқали ҳаракатланиб, “Ойбек” ва “Фотеҳобод” назорат ўтказиш пунктларидан ўтади. Ушбу йўналиш масофаси 174 км га тенг бўлиб, чипта нархи 50 000 сўмни ташкил этади.

Мавзуга оид