Жамият | 10:05
761
1 дақиқада ўқилади

Ёзги иссиқда автобусларда кондиционерлар иши текширилмоқда

Тошкент шаҳрида ёзги мавсумда йўловчиларга қулай ва сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида жамоат транспортида назорат тадбирлари кучайтирилди. Хусусан, автобус ва электробусларда кондиционерлардан тўғри фойдаланилиши ҳамда салонларда белгиланган ҳарорат режимига риоя этилиши текширилмоқда.

Маълум қилинишича, бугунги кунда пойтахтдаги 169 та автобус йўналиши аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Йўловчилар учун хавфсиз, қулай ва сифатли ташув хизматларини таъминлаш транспорт соҳаси олдидаги устувор вазифалардан бири ҳисобланади.

Шу муносабат билан Тошкент шаҳри автобус йўналишларида брутто-шартнома талабларига мувофиқ сифат мезонларининг ташувчилар томонидан бажарилиши устидан назорат кучайтирилди.

Белгиланган талабларга кўра, ташқи ҳаво ҳарорати +28 даражадан юқори бўлган ҳолларда автобус ва электробуслардаги кондиционерлар ишлатилиши, салон ичидаги ҳарорат эса +26 даражада сақланиши лозим.

Транспорт вазирининг тегишли кўрсатмаси асосида Тошкент шаҳар транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси ҳамда «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ масъуллари иштирокидаги ишчи гуруҳ автобус йўналишларида мониторинг олиб бормоқда.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, бундай назорат тадбирлари жамоат транспортида хизмат сифати ва йўловчилар учун қулайлик даражасини оширишга хизмат қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид