Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентда автобуслар учун ажратилган йўлакларга делиниаторлар ўрнатилмоқда
Тошкент шаҳрида жамоат транспорти ҳаракати самарадорлигини ошириш мақсадида автобуслар учун ажратилган махсус йўлакларга делиниаторлар ўрнатиш ишлари бошланди. Янги ечим автобуслар ҳаракатини тезлаштириш, кечикишларни камайтириш ва йўловчилар учун қулайлик яратишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Маълум қилинишича, пойтахтда автобуслар ҳаракати учун мўлжалланган «А» тоифасидаги алоҳида йўлакларни босқичма-босқич жорий этиш ишлари давом этмоқда. Хусусан, Magic City ҳудудидаги Фурқат кўчасидан Халқлар дўстлиги саройи атрофидаги Ислом Каримов кўчасигача бўлган йўл қисмида махсус йўл чизиқлари чизилиб, делиниаторлар ўрнатилмоқда.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, делиниаторлар автобус йўлагини умумий транспорт оқимидан ажратиб, бошқа транспорт воситаларининг ушбу йўлакка кириб кетишини чеклайди. Бу эса жамоат транспорти ҳаракати тезлиги ва барқарорлигини таъминлашга ёрдам беради.
Жаҳон тажрибасида АҚШ, Испания, Буюк Британия, Сингапур, Австралия ва Озарбойжон пойтахти Бокуда бундай алоҳида йўлаклар жамоат транспорти самарадорлигини оширишнинг муҳим воситаларидан бири сифатида қўллаб келинмоқда.
Қайд этилишича, 2026 йил давомида Тошкентнинг 30 дан ортиқ кўчасида «А» тоифасидаги махсус автобус йўлакларини ташкил этиш режалаштирилган. Ушбу йўналишларда делиниаторлар ва бошқа инфратузилма ечимлари ҳам босқичма-босқич жорий этилади.
Лойиҳанинг асосий мақсади автобуслар ҳаракатини тезкор, барқарор ва олдиндан режалаштириш мумкин бўлган тизимга айлантириш, шу орқали жамоат транспорти жозибадорлигини оширишдан иборат.
Мавзуга оид
10:05
Ёзги иссиқда автобусларда кондиционерлар иши текширилмоқда
09:15 / 18.06.2026
Электр тармоқларига улаб бериш эвазига пул олган масъуллар ушланди
08:58 / 17.06.2026
Тошкентдаги кўчалардан бирига Мустафо Камол Отатурк номи берилади
10:15 / 16.06.2026