Ўзбекистон | 23:40 / 20.09.2019
28595
3 дақиқада ўқилади

Россия мигрантлари федерацияси раҳбари: Ўзбекистонда дабдабали тўйларга тақиқлов мигрантлар оқимини камайтиради, деб ўйламайман

Фото: Игорь Самохвалов

14 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма иккинчи ялпи йиғилишида республикада тўй ва бошқа оилавий тадбирларнинг ўтказилиши масаласи кўриб чиқилди.

Дабдабали тадбирларга барҳам бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарорига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларида, шунингдек фуқаролар йиғинларида оилавий тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари бўйича комиссиялар тузилди, кўплаб тушунтириш ва тарғибот тадбирлари ўтказилди.

Бироқ ўрганишлар таҳлили, шунингдек аҳоли билан бевосита ўтказилган мулоқотлар, жамоатчилик вакилларидан келиб тушган мурожаатлар ушбу соҳада бир қатор жиддий муаммо ва камчиликлар ҳамон сақланиб қолаётганини кўрсатди. Хусусан, айрим фуқаролар дабдабали тўй маросимлари ва уларни ўтказишга сарфланадиган катта харажатлар оқибатида қарзга ботмоқда ва ундан қутулиш мақсадида чет элга ишлаш учун чиқиб кетмоқда.

Баъзи фуқаролар оилавий тадбирларни дабдаба билан ўтказишни қўшнилар, қариндошлар томонидан бўладиган танқидлардан, умуман олганда, ижтимоий тазйиқдан халос бўлиш воситаси сифатида тушунмоқда. Ваҳоланки, бундай тадбирлар яқин қариндошлар ўртасида қарздорликнинг вужудга келишига ва оқибатда кескин зиддиятларга олиб келмоқда.

Шу муносабат билан Олий Мажлис Сенати Кенгаши ва Қонунчилик палатаси Кенгашининг “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қўшма қарори қабул қилинди.

Россия мигрантлар федерацияси президенти Вадим Коженов “Политика Сегодня” нашри билан суҳбатда бундай чоралар Тожикистонда 10 йилдан кўпроқ вақтдан бери амал қилишини айтган.

“Бу чоралар яхши, мен уларни қўллаб-қувватлайман. Чунки бу шарқона ўзига хосликдир – бошқалар олдида ўзини кўз-кўз қилиш – бу жуда зарарли иллатдир. Бой бўлмаган одамлар бойлардек тўй қилишни истайдилар: кредитлар оладилар, қарзга ботадилар, чорвани сотадилар. Чунки тўй уларнинг ҳаётидаги муҳим ҳодисадир. Натижада эса аҳолининг ночор қатламлари қарзга ботади”, деб айтган Коженов.

Бироқ у дабдабали тантаналарга тақиқлов Россияга мигрантлар оқимини камайтиради, деб ўйламаслигини айтган.

“Кетишга тайёрлар, қарзи бўлмаса ҳам кетади. Кетишга тайёрмаслар, қарзи бўлса ҳам қолади ва ҳаммаси ёмонлигидан нолиб юради, кетмайди”, деб таъкидлаб ўтган Коженов.

Ўзбекистоннинг Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги маълумотларига кўра,  2018 йилда Ўзбекистон фуқаролари ватанларига 5 млрд долларга яқин пул ўтказишган. Бу қийматдан катта қисми – 4 млрд доллардан кўпроғи Россиядан юборилган.  

Россия Марказий банкининг маълум қилишича, 2019 йилнинг илк 6 ойида Россиядан Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми 2 млрд доллардан ошган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид