Криштиану Роналду онаси, Месси билан рақобат, ҳамда «Арсенал»га ўтмай қолгани ҳақида
Криштиану Роналду машҳур журналист Пирс Морганнинг Good Morning Britain кўрсатувига ташриф буюрди ва бир қатор қизиқ фикрларни тақдим этди. Эътиборга молик қисмлар билан қуйида танишишингиз мумкин.
Онаси ҳақида
«Негадир у жуда асабийлашади. Сўнгги пайтларда мен унга муҳим ўйинларни томоша қилишни тақиқладим. Дўстларимдан унинг ёнида бўлишни илтимос қиламан. Уйда томоша қилса, уёқдан буёққа бориб келаверади, стадионда эса, икки марта ҳушидан кетди. Онам жуда хавотир олади.
Мен отамни йўқотдим, онамдан ҳам айрилишни истамайман. Шунинг учун ҳам унга айтдим: «Ярим финал ва финалларни энди бошқа томоша қилмайсиз».
Айниқса, ўша бир қизнинг номусига тегишда айбланаётган пайтларимда онамга қаттиқ таъсир қилди.
«Ойи, ўзингни бос, сен ўғлингни бундай иш қилмаслигини жуда яхши биласан», - дедим мен. У бироз тинчланди, аммо вақтинча. Кўп йиғлади. Унинг ёшида кўп нарсани қабул қилиш оғирроқ кечади.
Онам – оиламнинг асосий таянчи, бугунги кунимга етишишимда унинг хизматлари беқиёс.
Оғир кечган болалик
Мен 11 ёки 12 ёшга кирган пайтларимда пулимиз йўқ эди. Биз бошқа болалар билан болалар интернатида яшардик ва оиламизни уч ойда бир кўрардик, холос. Кечки пайтларда, қорнимиз очқаб қолар, стадион олдидаги «Макдоналдс» эшигини тақиллатиб, бургер сўрардик.
У ерда Эдна ва яна икки нафар қиз ишларди. Мен кейин ҳеч қачон уларни кўрмадим, аммо қидирдим, Португалиядаги танишларимдан суриштирдим. Агар бу интервью ҳам уларни топишимга ёрдам берса зўр бўларди. Мен уларни Турин ёки Лиссабонга кечки овқатга таклиф қилмоқчиман. Қандайдир тарзда миннатдорчилик билдиришни жуда хоҳлайман.
Месси билан рақобат
Чемпионлар Лигаси қуръа маросимида у Месси билан ёнма-ён ўтирди. Камера тез-тез уларнинг суҳбатлашиб, нимадандир кулишиб ўтирганларини намойиш қилди.
«Кўпчилик тадбирда у билан гаплашганимдан ҳайрон бўлди. Биз дўст бўлмасак-да, аммо 15 йилдан бери бир саҳнадамиз. Муносабатларимиз яхши. Шуни аниқ биламанки, у менинг яхшироқ бўлишимга, ўсишимга сабаб бўлди, мен ҳам унга таъсир ўтказаман. Месси – мен қарши ўйнаган футболчилар ичида энг яхшиси.
«Арсенал»га ўтмай қолгани ҳақида
2003 йилда «Манчестер Юнайтед» Криштиануни «Спортинг»дан сотиб олди. Ҳамма бу тарихни, шунингдек, унинг «Арсенал» билан ҳам келишувини ҳам яхши билади. Роналду бу ҳақида кўп гапириб берган, Морган билан интервьюда ҳам эсга олди.
«Худойим, албатта, бу рост. «Арсенал» учун бир қадам қолганди, аммо бу иш содир бўлмади»
Кейин «Арсенал» мухлиси сифатида ном қозонган Пирс унга «Роналду» исми туширилган клуб либосини тақдим этди.
«Раҳмат, Пирс. Ўша пайтларда «Арсенал»га ўтмаганим учун мени кечирасан, деган умиддаман», – деди футболчи.
«Албатта, уларнинг қизиқишларини, бу йўлдаги ҳаракатларини қадрлайман. Айниқса, Арсен Венгерни. Аммо футбол ҳам ҳаётдагидек, кейин нима бўлишини билмас экансан»
Жоржина ва оиласи ҳақида
«Жоржина – қалбимнинг ҳам, менинг ҳам бир бўлагим. Албатта, уни севаман. У икки фарзандимнинг онаси, шунга яраша, эътиборда бўлишга уринаман. Бу ажойиб. У менинг дўстим ҳам. Кўп гаплашамиз ва ҳеч кимга айтмаган сирларимни, кечинмаларимни у билан ўртоқлашаман. У ҳам шундай қилади. Бу ҳаётимдаги энг буюк муҳаббат»
«Ўғилларим ҳақида айтсам, улар, умуман бугунги кун фарзандлари анча омадли. Бу авлод бизга ўхшамайди, бир пайтлар биз тушимизда ҳам кўрмаган нарсалар уларда шундоқ ҳам бор. Бу яхши, лекин шу билан бирга, ўғлимнинг қийинчилик кўришини, уларни енгиб ўтишини ҳам истайман. Бу тарбия».
Отаси ҳақида
Пирс унга отасининг бир вақтлар берган интервьюсини кўрсатди, у ерда ота ўғлидан фахрланишини айтаётганди. Ушбу видеони кўриб, Роналду йиғлаб юборди.
«Мен бу лавҳани илгари кўрмаган эканман. Кечирасан, йиғлаб юбораман, деб ўйламагандим. Мен отам билан деярли гаплашмаганман, чунки у доим маст аҳволда бўларди. Лекин муносабатларим жуда яхши бўлган.
Мен футболда биринчи рақамли футболчи бўлишга эришдим, лекин у кўра олмади. Оилам бунинг гувоҳи бўлди, аммо отамга насиб этмаган экан. Балки, у менга осмондан қараб тургани учун шундай даражаларга етишгандирман, ким билади...»
Бойлиги ҳақида
Ўйлашимча, менда ярим миллиард долларга яқин пулим бор, шундан умид қиламан. Биламан, бу жуда кўп аслида. Шунингдек, 17та автомобилим бор. Энг яхши кўрганимми? «Роллс-Ройс»да юриш ёқади, жуда қулай. Шунингдек, иккита «Бугатти», иккита «Макларен» ва иккита «Феррари» ҳам бор менда.
Мавзуга оид
13:29 / 17.09.2024
Роналду — «МЮ»ни тарк этиши, клуб билан ҳозирги муносабатлари ва ўғлининг футболчи бўлиш истаги ҳақида
10:49 / 13.09.2024
Роналду биринчи бўлиб ижтимоий тармоқларда 1 млрд обуначига эга бўлди
11:38 / 12.09.2024
Роналду — «Реал»даги фаолияти, Мбаппе Мадридга ўтиши ва Кроос фаолиятини якунлагани ҳақида
19:43 / 02.09.2024