Жаҳон | 20:26 / 21.09.2019
13624
1 дақиқада ўқилади

Туристлар Google орқали энг кўп қидирган масканлар рейтинги эълон қилинди

Globehunters туристик сервиси туристлар бу йил Google орқали қидирган диққатга сазовор масканлар рейтингини эълон қилди.

Энг юқори учликни учта Диснейленд – Калифорниянинг Анахайм (ойига ўртача 1,7 млн қидирув), Париждаги (1,2 млн қидирув) ва Флориданинг Орландо шаҳридаги (1,14 млн) парклар эгаллади.

Рейтингда кейинги ўринларда Ҳиндистондаги Тож Маҳал (1,06 млн қидирув), Перудаги инкларнинг қадимий Мачу-Пикчу шаҳри (1,05 млн) ва Аризонадаги Гранд-Каньон (884 минг) жойлашди.

Еттинчи ўринни ойига 859 минг киши қидирган Дубайдаги Бурж-Халифа биноси эгаллади. Эйфел минорасини 793 минг ва Вайоминг штатидаги Йеллоустон миллий паркини 761 минг киши қидирган.

Рўйхатда кейинги ўринларни Ниагара шаршараси (719 минг), Барселонадаги Саграда-Фамилия ибодатхонаси ва АҚШдаги Озодлик ҳайкали (658 минг) эгаллади.

Рейтингни Римдаги Пантеон (513 минг), Париждаги Биби Марьям ибодатхонаси ва Лондондаги Букингем саройи (494 минг) якунлаган.

Мавзуга оид