«Халқ банки» филиалларида 159 нафар пенсионернинг пенсия ва нафақа пуллари банк ходимлари томонидан ўзлаштирилган
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари АТ «Халқ банки» томонидан пенсия ва нафақаларни ўз вақтида ва тўғри тарқатилиши ҳамда бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағларининг мақсадли сарфланиши юзасидан назорат ишлари олиб борилмоқда.
Молия вазирлиги хабарига кўра, АТ «Халқ банки» томонидан фуқароларга пенсия, ижтимоий нафақалар ва бошқа тўловларни тўғри тўланиши юзасидан ўтказилган назорат тадбирларида бир қатор хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланди.
Жумладан:
АТ «Халқ банки»нинг филиалларида 159 нафар пенсионернинг 55 млн. сўмлик пенсия ва нафақа пуллари банк ходимлари томонидан ўзлаштирилган бўлса, тўлов ведомостларида имзолари бўлмаган 446 нафар пенсионерларнинг 144,4 млн. сўмлик пенсиялари асоссиз харажатга чиқарилган.
Мисол учун, Банкнинг Бойсун туман филиали ғазначиси томонидан 71 нафар фуқароларнинг 2019 йил май ойи пенсиялари эгаларига тарқатилмасдан 38 млн. сўм маблағларни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборилган. Шу билан бирга, 120 нафар вафот этган ва озодликдан маҳрум этилган фуқароларга 60 млн. сўм тўловлар амалга оширилган ҳамда 642 нафар пенсионерларнинг 314,3 млн. сўмлик пенсия ва нафақалари ишончномаси бўлмаган ҳолда бошқа фуқароларга бериб юборилишига йўл қўйилган.
Жамғармадан АТ «Халқ банки»га ётоқда бўлган ногирон пенсионерлар учун нафақаларни етказиб бериш харажатлари қоплаб берилаётган бўлса-да, 649 нафар ётоқда бўлган ва юриш имконияти чекланган фуқароларнинг 283,3 млн. сўмлик пенсиялари уйларига олиб бориб берилмаган.Шунингдек, яшаш манзилида бўлмаган ва бошқа ҳудудларга кўчиб кетган фуқароларга 301 млн. сўмлик пенсиялар ўрнатилган тартибга зид равишда тўланган. Бундан ташқари, пенсия ва нафақалар ойнинг 26 санасигача тўлиқ тарқатилиши белгиланган бўлса-да, АТ «Халқ банки» филиаллари томонидан қарийб 39 минг нафар фуқароларга 13,5 млрд. сўмлик пенсия ва нафақалар белгиланган муддатидан кечиктирилиб тўланишига йўл қўйилган.
Шунингдек, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг Самарқанд вилояти бошқармаси тасарруфидаги туман (шаҳар) бўлимларида пенсия ва нафақаларни тайинланиши ҳамда тўланиши юзасидан ўтказилган назорат тадбирларида 165 ҳолатда жами 168,6 млн. сўмлик Жамғарма маблағлари ноқонуний сарфланганлиги аниқланди. Жумладан, фуқароларга пенсия тайинланишида уларнинг паспортидаги туғилган йили ўзгартирилиб, пенсия ҳуқуқи пайдо бўлмасдан туриб, пенсия тайинланиши ва тўланиб келиниши натижасида 9 ҳолатда 61,1 млн. сўм миқдорида Жамғарма маблағлари асоссиз сарфланган.
Мисол учун, Жамғарманинг Пайариқ туман бўлими томонидан ҳақиқатда 1957 йил 27 декабрда туғилган ва пенсия олиш ҳуқуқи мавжуд бўлмаган фуқаронинг туғилган йилини 1952 йил 27 декабрга ўзгартирилиб, «Пенсия» дастурига киритилиши ва муддатидан 5 йил олдин яъни 2014 йилда пенсия тайинланиши оқибатида 18,8 млн. сўм асоссиз пенсия пули тўлаб келинган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунида давлат пенсияларининг турли хилларини олиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларга уларнинг ўзлари танлаган бир турдаги пенсия тайинланиши белгиланган бўлса-да, бир вақтнинг ўзида бир фуқарога икки турдаги пенсия ва нафақаларнинг тайинланиб, тўлаб келиниши натижасида 14 ҳолатда 21,2 млн. сўм миқдоридаги Жамғарма маблағлари ноқонуний сарфланган.
Жамғарманинг туман (шаҳар) бўлимлари масъул ходимлари томонидан фуқароларнинг иш ҳақи тўғрисидаги маълумотларини «Пенсия» дастурига нотўғри киритилиши оқибатида 35 ҳолатда 41,8 млн. сўм миқдоридаги Жамғарма маблағлари асоссиз ортиқча сарфланишига йўл қўйилган. Мисол учун, Жамғарманинг Каттақўрғон туман бўлимида ёшга доир пенсия тайинланишида фуқаронинг иш ҳақи тўғрисидаги маълумотларини «Пенсия» дастурига нотўғри киритилиши оқибатида фуқарога 2016-2018 йилларда ва 2019 йилнинг ўтган даврида 8,7 млн. сўм ортиқча пенсия пули тўланган.
Шу билан бирга, корхона ва ташкилотлар томонидан бериладиган маълумотномалардаги иш ҳақларини нотўғри ёзиб берилиши оқибатида 3 ҳолатда 7,8 млн. сўм миқдорида маблағлар ортиқча сарфланганлиги аниқланган.
Мисол учун, Жамғарманинг Ургут туман бўлимида фуқарога ёшга доир пенсия тайинланишида, Ургут туман Тиббиёт бирлашмаси томонидан берилган иш ҳақи тўғрисидаги маълумотномасида фуқаро ишламаган давр учун асоссиз иш ҳақи ёзиб берилганлиги натижасида фуқарога 2 млн. сўм ортиқча пенсия пули тўланганлиги аниқланиб, фуқарога тайинланган ёшга доир пенсия бекор қилинган ва 11 млн. сўм миқдоридаги ноқонуний пенсия тўловларининг олди олинган.
Булардан ташқари, Жамғарманинг туман (шаҳар) бўлимларининг масъул ходимлари томонидан боқувчисини йўқотганлик пенсияси муддати тугагандан ушбу пенсия тўловлари ўз вақтида тўхтатилмаганлиги натижасида 80 ҳолатда 18,8 млн. сўм, боқувчисини йўқотганлик пенсиялари ва 16 ёшгача болаликдан ногиронлик нафақаси тайинланишига асос бўлган фуқаролар вафот этгани ҳолда 21 ҳолатда 8,9 млн. сўм, тайинланган имтиёзли пенсия талабларини асоссиз равишда ўзгартирилиши натижасида 3 ҳолатда 8,9 млн. сўм миқдорида Жамғарма маблағлари ноқонуний сарфланишига йўл қўйилган.
Мисол учун, Жамғарманинг Самарқанд шаҳар бўлими томонидан «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 12-моддасига асосан 50 ёшга тўлиши билан имтиёзли равишда пенсия тайинланган фуқарога мазкур Қонуннинг 49-51 моддаларига зид равишда фуқаро 54 ёшга кирганида меҳнат стажи ўзгартирилиб, пенсия миқдори нотўғри оширилиши натижасида 3,5 млн. сўм Жамғарма маблағлари асоссиз сарфланган.
Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг маблағларини мақсадли сарфланиши юзасидан ўтказилган назорат тадбирлари ҳужжатлари белгиланган тартибда ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратура органларига юборилган.
Мавзуга оид
19:00 / 25.10.2024
“Баъзи ногиронлар тўрт мучаси соғлардан яхши ишлашади” – бухоролик тадбиркор
17:00 / 20.06.2024
Халқ банки томонидан водийга пресс-тур ташкил этилди
11:03 / 08.06.2024
Путин ишлаётган фуқароларга пенсия индексациясини қайтаришни таклиф қилди
16:54 / 29.05.2024