Ўзбекистон | 20:47 / 22.09.2019
13376
2 дақиқада ўқилади

Болаларимиз боғчага боришни хоҳламаслиги шароитлар ёмонлиги билан боғлиқ бўлиши мумкин – Сенат қўмитаси раиси

Мактабгача таълим вазирлигида тизимда ишловчи масъул ходимлар иштирокида «Коррупция – жамият ривожининг кушандаси» мавзусида семинар ўтказилди.

Унда қатнашган Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Батир Матмуратовнинг маълумот беришича, 2019 йилнинг биринчи ярим йиллигида мактабгача таълим тизимида 35 жиноят иши қўзғатилган. Бу содир этилган жиноятлар сони ўтган йилга қараганда 7тага ошганини кўрсатади.

«Ушбу жиноятларнинг 7таси Тошкент вилоятига, 6таси Жиззах вилоятига тегишли бўлса, Тошкент шаҳри ва Фарғона вилоятига 5тадан тўғри келади», дейди Сенат қўмитаси раиси.

Шунингдек, Батир Матмуратов болаларнинг боғчага бориш учун хархаша қилишлари кўпинча ундаги шароитлар қониқарсизлиги билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкинлигига алоҳида урғу берди.

Бундан ташқари, Батир Матмуратов Республикадаги МТТлар бўйича олиб борилган текширувлар ҳақида тўхталиб ўтиб, айрим МТТларда белгиланган миқдордаги озиқ-овқатдан олиб қолинаётганини, аслида эса, коррупцияга қарши курашишнинг энг яхши йўли ходимлар ижтимоий ҳимоясини оширишдан иборат эканлигини таъкидлади.

«Балки турли фондлар орқали яхши ишлайдиган тарбиячиларни рағбатлантириш йўлини топиш мумкиндир», дея таклиф ҳам берди Батир Матмуратов.

«Мактабгача таълим тизимида таклиф қилишни йўқ қиламиз. Чунки таклиф қилинмаса, ҳеч ким талаб қила олмайди. Агар МТТ барча талабларга жавоб берса, камчилик йўқ бўлса, нега қўрқиш керак? Пойтахтдан борганда вилоятда, вилоятдан борганда туманда бирорта меҳмондорчилик ёки тушлик кабиларни таклиф қилишни унутайлик. Ҳамманинг ўз маоши, хизмат сафарига ажратилган пули бор», дея кескин талаб қўйди Мактабгача таълим вазири ўринбосари Собитхон Турғунов.

Мавзуга оид