Эрнесто Вальверде жамоаси яна сафарда жуда муваффақиятсиз ўйин ўтказди ва турнир жадвалининг саккизинчи ўрнига тушиб кетди. Каталонлар мавсумни жуда ёмон бошлашди, гап фақат йўқотилган очколардагинамас. Кўк-анорранглилар Франк Райкард давридан буён энг ёмон ўйинларини намойиш этишмоқда. 

Ғалабасиз серия ва антирекордлар

«Барселона» ёзги трансферлар ойнасида таркибини сезиларли даражада кучайтириб олди. Гризманн, де Йонг ва Фирпо келди, клуб президенти Хосеп Бартомеу фақат Неймарни олиб келишга улгурмади. Янгиланган таркиби билан каталонлар майдонга тушмасданоқ 3 очкони чўнтакда деб билишлари мумкин эди. Аммо ҳақиқат аччиқ: бу мавсум старти Испания лигасида ғалаба учун уч очко берила бошлаган даврдаги энг ёмон старт бўлди (авваллари ғалаба учун 2 очко берилган). 1994/95 йилги мавсумда Йохан Кройф бошқарувидаги «Барса» сафарда икки ўйинда ютқазиб, бир ўйинда дуранг ўйнаган, ўз майдонидаги икки ўйинда ғалаба қозонган. Ўшанда жамоа 5 турда 5 очко тўплаганди.

Яна бир бошқа омадсиз серия — барча турнирлар доирасидаги ўйинлар қўшиб ҳисобланганда 7та сафар ўйинида ғалабасиз серия, бундай ҳолат 2000/01 йилги мавсумдан буён илк марта кузатилмоқда. Бундай натижа Райкард томонидан ҳам қайд этилганди: нидарландиялик мутахассисни 2008 йил баҳорида «Барселона» қаторасига бешта ўйинда ғалаба қозона олмагач ишдан бўшатиб юборишганди. Наҳотки барчаси каталонлар Мессисиз ўйнай олмаслигида бўлса?

Вальверденинг мураббийлик қарашлари
«Мен хавотирдаман, — деди мураббий «Барселона»даги ўйиндан сўнг. — Сафарда биз уйдаги каби яхши ўйнай олмаяпмиз. Бугун биз устунлик қилдик, аммо гол ура олмадик. Кейинги ўйинда янада кўпроқ куч билан ўйнашга ҳаракат қиламиз».

Вальверде ўтган мавсум охирида «Ливерпуль»  «Барселона»ни 4:0 ҳисобида мағлуб этиб, ЕЧЛдан чиқариб юборганида ҳам тахминан шундай фикрларни айтганди. Ўшанда мураббий «ўзида давом этиш учун куч ҳис қилаётгани» ҳақида гапирганди.

Клуб раҳбариятининг муаммоси шундаки, шартномани бир томонлама бузиш учун 20 миллион евро миқдорида компенсация тўлаш талаб этилади, шу туфайли Бартомеу барча муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўлишига умид қилмоқда. Аммо амалда бундай бўлиши қийин: ушбу мураббий учинчи мавсумда жамоани бошқармоқда, лекин каталонлар клубида ривожланиш кўзга ташланмаяпти.

Ўтган икки мавсумда «Барса» асосан икки футболчи саъй-ҳаракатлари билан натижага эришди: тер Штегена ва Месси. Марк-Андре ўтган мавсумдаям жамоага камида 10 очкони бир ўзи олиб берди, Лионель қолганини ҳал қилди. Испаниялик футбол экспертлари Вальверде жамоаси сардорсиз ҳеч нарсага қодир эмас, деган фикрга келишган, шу билан биргаликда бунда Мессининг ўзини ҳам айблашади. Эрнесто вазият қурбони бўлмоқда: у ўз билганича жамоа шакллантира олмайди, чунки Лео барча ўйинларни ўз зиммасига олади. Ҳозир, Месси йўқлигида, Вальверде ҳеч бир янгилик ўйлаб топа олмаяпти.