Спорт | 10:45 / 23.09.2019
42804
2 дақиқада ўқилади

Бокс бўйича жаҳоннинг энг кучли терма жамоаси Тошкент халқаро аэропортида кутиб олинди

9-21 сентябрь кунлари Россиянинг Екатеринбург шаҳри бокс бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилди. Йигирманчи марта ўтказилган мазкур мусобақада дунёнинг 78 мамлакатидан 400га яқин боксчи иштирок этди.

Унда Ўзбекистон терма жамоаси 3та олтин, 1та кумуш ва 1та бронза медалларини жамғариб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринда якунлади. Делегация аъзолари 23 сентябрга ўтар кечаси Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди.

Миллий олимпия қўмитаси хабарига кўра, кутиб олиш маросимида Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон бокс федерацияси раиси Очилбой Раматов ҳам иштирок этиб, боксчиларни жаҳон чемпионатидаги муваффақият билан қутлади ва Токио Олимпиадасида ҳам шундай зафарли ғалабалар тилаб қолди.

Маросимда, шунингдек, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги раҳбарияти, жамоат ташкилотлари, спортчиларнинг яқинлари ва юзлаб бокс ишқибозлари қатнашди. Унда терма жамоа аъзолари номидан Баҳодир Жалолов сўзга чиқди.

«Ярим тун бўлишига қарамасдан бизни кутиб олишга чиққанингиз учун раҳмат. Биз Россияда барчангизнинг қўллаб-қувватлашингизни, дуоларингизни ҳис қилиб турдик. Насиб қилса, келаси йил Токио Олимпиадасида ҳам ўзбекистонлик боксчиларнинг нималарга қодирлигини намойиш этиб, бокс бўйича биринчи рақамли терма жамоа эканимизни кўрсатиб қўямиз», – деди Жалолов.

Тадбирда Озодбек Назарбеков ва Рашид Холиқов ўз қўшиқлари билан чиқиш қилди. Шундан сўнг боксчилар карнай-сурнай наволари остида кузатиб қўйилди. Миллий олимпия қўмитаси тадбир фотогалереясини тақдим этди.

Олтин медаль:
-52 кг: Шаҳобиддин Зоиров
-57 кг: Миразиз Мирзаҳалилов
+91 кг: Баҳодир Жалолов

Кумуш медаль:
-81 кг: Дилшодбек Рўзметов

Бронза медаль:
-69 кг: Бобоусмон Батуров

 

Мавзуга оид